English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Афв бизга катта сабоқ бўлди
21:43 / 2021-05-17

Жорий йилнинг 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Рамазон ҳайити муносабати билан қабул қилинган “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига асосан, 100 нафар фуқаро қаторида Наманган вилоятидан олти киши афв этилди. Шулардан уч нафари жазодан озод қилинган бўлса, уч нафарига тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги секторлар раҳбарлари ва ДХХ, ички ишлар, миллий гвардия вилоят бошқармалари мутасаддилари афв этилган уч нафар фуқаро билан учрашди. Собиқ маҳкумлар билан алоҳида мулоқот ўтказилиб, уларни ижтимоий ҳаётга мослашиб, бандлигини таъминлаш, турмуш шароитини яхшилаш чоралари ўрганилди.

Қабулда афв этилганларга бундан буён юртбошимиз ва халқимизнинг ишончини оқлаб, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, жамиятда ўз ўрнини топиши, юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларнинг фаол иштирокчиси бўлиши кераклиги таъкидланди.

– Сизларни ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишингиз учун ҳар қандай зарурий кўмакни берамиз, – деди вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов. – Бундан буён ҳаётда адашмасдан, қоқилмасдан яқинларингиз, маҳалла-куй олдида юзингиз ёруғ бўлиши учун ҳалол меҳнат қилиб, яшашингиз лозим.

Халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси бўлган мазкур ҳужжат туфайли жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳамюртларимизни ўз оилалари, яқинларининг бағрига қайтиши ота-оналари, аёллари, фарзандлари қалбини чексиз шодликка тўлдирди.

[gallery-2432]

Санжарбек Ғозиев Наманган туманидаги Хонобод маҳалласида истиқомат қилган. 22 ёшга тўлган бу йигит айни кучга тўлган пайтида “босар-тусари”ни билмай қолади. Тўғри йўлдан адашиб, жиноят кўчасига кирди. Ўзгаларга тегишли автомашинадан мулкларни ўзлаштиргани оқибатида суд ҳукми билан 6 йилу бир ойга озодликдан маҳрум этилди. Орадан тўрт йил кечган жазони ўташ даври у учун чинакам ҳаёт мактабини ўтади. Ҳар қандай қинғир иш учун жазога тортилиши, оқибати эса нафақат ўзи, балки яқинларига ҳам салбий таъсир ўтказишини билди. Қамоқхонада қайта тарбияланди, айбига чин кўнгилдан пушаймон бўлди. Қатъий тузалиш йўлига ўтганлиги сабабли белгиланган жазосининг ўталмай қолган қисмидан шартли равишда озод қилинди.

– Афв чинакам сабоқ бўлди, – дейди Санжарбек Ғозиев. – Қилган ишларимдан пушаймонман. Уйга қайтганимдан кейин маълум муддат ачиниш ҳиссидан роса қийналдим. Маҳалламиз оқсоқолидан тортиб, ички ишлар ходимигача менга яқиндан ёрдам беришларини айтишганида қувониб кетдим. Менга қурилиш ташкилотида ишлаш учун йўлланма тақдим этишди. Энди фақат ҳалол ризқ топиб, оиламга наф келтириш кераклигини англаб етдим. Президентимиз фармони бу борада бизга улкан имконият демакдир. Астойдил ишлаб, халқимизга садоқат билан хизмат қиламан.

Мулоқот давомида тегишли мутасаддиларга афв этилганларнинг мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соғлиғини тиклаш, ишга жойлаштириш сингари муҳим масалаларда амалий ёрдам бериш юзасидан аниқ топшириқлар берилиб, ижроси қаттиқ назоратга олинди. Афв этилганларга рўзғорида асқатадиган электр печлари туҳфа қилинди.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА