Пойтахтимиздаги Киночилар уйида Кинематография агентлиги ҳамда Ўзбекистон киносанъати музейи ҳамкорлигида ўзбек миллий киноси дарғаларидан бири кинорежиссёр ва оператор Дамир Салимов таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан хотира кечаси ўтказилди.
Унда Агентлик раҳбарияти, киноижодкорлар ва режиссёрнинг яқинлари иштирок этишди. Кеча аввалида Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Дамир Салимовнинг фарзандлари сўзга чиқиб ижодкор фаолияти ҳақида фикрлар билдирди.
- Дамир Салимов чинакам маънода афсонавий режиссёр бўлган, - дейди Кинематография агентлиги директорининг биринчи ўринбосари. - У ҳар бир ишга садоқат билан ёндашган. Миллат келажаги учун хизмат қиладиган киноасарлар яратган. Шу билан бирга ниҳоятда билимли, салоҳиятли инсон бўлган. Биргина у режиссёрлик қилган "Шум бола" фильми суратга олинганига қарийб ярим асрдан вақт ўтган бўлсада томошабин ҳамон катта қизиқиш билан кўради. Дамир Салимов мактабида ўқиган, ундан сабоқ олган барча киноижодкорлар бугун санъат оламида ўз ўрнига эга. Ҳозир ана шу устоз-шогирд анъаналарини тиклаш мақсадида устоз ижодкорларни тез-тез ёд этяпмиз. Ёшлар учун тажрибали киноижодкорлардан махсус дарслар ташкил эттиряпмиз.
Тадбир давомида оператор Темур Қаюмовнинг «Дамир Салимов. Мангулик» («Дамир Салимов. Бессмертие») ҳужжатли фильми тақдимоти ҳам ташкил этилди.
Кинематография агентлигининг матбуот хизмати хабар беришича, хотира тадбирлари йил давомида ўтказилиши режалаштирилган. Уларда ёш киношуносларни жалб этиш кўзда тутилган.
Маълумот ўрнида, Дамир Салимов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби. Бутуниттифоқ давлат кинематография олийгоҳини тамомлаган тажрибали ижодкор. Салимов Ўзбекистонда биринчи ўзбек мультипликация фильмларига муаллифлик қилган. У «Йўлдош Охунбобоев»,“ Нон, туз ва қўшиқ», «Ёруғ йўл» каби ҳужжатли, «Саҳро узра осмон»,“ «Тоғлар чорлайди», ” Шум бола», ”Ҳаёт мазмуни» сингари бадиий фильмларга режисёрлик қилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати.
Д.Маматова, ЎзА мухбири