Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Афсоналар водийси”да қўл жанги усталари беллашади
14:26 / 2022-07-22

Юртимизда якка кураш спорт турларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият бериб келинмоқда. Бу, эътибор натижасида спортчиларимиз халқаро мусобақаларда, жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларида муносиб ютуқларни қўлга киритмоқда.

Рақамларга эътибор қаратилса, бундан икки йил муқаддам мамлакатимиздаги мавжуд спорт секциялари ва мактабларида якка кураш спорт турлари билан 2 миллион 360 минг 539 нафар киши шуғулланган бўлса, бугунги кунга келиб улар сони 2 миллион 478 минг 566 нафарни ташкил этмоқда. 

Шуғулланувчилар сонидаги ўсиш суръати но олимпия спорт тури бўлган қўл жанги спортида ҳам акс этмоқдаки, айни спорт йўналишидаги вакилларимизнинг халқаро майдондаги натижалари, ютуқлари илк машғулотлардан бошланиб, ички чемпионатларда, биринчиликларда маромига етмоқда. 

Маълумки, жорий йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қўл жанги спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Мазкур қарор ижросини таъминлаш, истеъдодли спортчиларни тайёрлаш, ёшларда ҳарбий ватанпарварлик хислатларини камолга етказиш мақсадида Тошкент, Қарши, Самарқанд, Бухоро ва Наманган вилоятларида қўл жанги бўйича халқаро мусобақалар ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, қўл жанги спорт турини ҳар бир вилоятнинг битта туманида устувор спорт тури сифатида белгилаш лозимлиги таъкидланган. 

Шу мақсадда жорий йилнинг 23-24 июль кунлари Наманган шаҳрининг “Афсоналар водийси” амфитеатрида қўл жанги бўйича “Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги” учун профессионал спортчилар ўртасида халқаро турнир ташкил этилмоқда. 

Мазкур нуфузли мусобақани ҳар томонлама юқори савияда ўтказиш борасида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимли ишларни олиб бормоқда. 

Халқаро турнир дастурига биноан эртага, 23 июль куни Наманганда спортчиларни тарозидан ўтказиш, мандат комиссиясининг йиғилиши, ҳакамлар учун семинар ташкил этилади.  

Мусобақани ўтказиш ташкилий қўмитаси маълумотига кўра, халқаро турнир беллашувлари 24 июль куни бўлиб ўтади. Унда аёллар ўртасида 48 килограммлилар баҳсида ҳамюртимиз Ширин Зоҳидова россиялик Виктория Мустаева билан, 50 килограмм вазнли спортчилар ўртасидаги жангда ҳамюртимиз Маъсума Мўминова қозоғистонлик  Томарис Жусупова билан кураш олиб боради. 

Халқаро турнирнинг ўғил болалар ўртасидаги мусобақаларда ўзбекистонлик қўл жанги вакилларидан Ҳусниддин Сатторов — Сергей Серпитовский (Беларусь), Жавоҳир Собитов — Граф Филипп Вилхельм (Германия), Олим Нормуродов —  Руслан Пиралиев (Озарбайжон)га қарши беллашади. 

Халқаро турнирнинг марказий жанги ҳамюртимиз Жаҳонгир Жўмаев ҳамда Россия Федерацияси вакили Абубакир Раджабов ўртасида бўлиб ўтади.  


Т.Рўзиев, ЎзА