Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Афсоналар водийси” бетакрор ва мафтункор
11:47 / 2021-10-27

Наманган шаҳрига кўрк бағишлаётган “Афсоналар водийси” маданият ва истироҳат боғи кейинги йилларда нафақат, вилоят, балки Фарғона водийсининг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланди.

2018 йилнинг 2-3 май кунлари ҳамда 2019 йилнинг 28 феврал – 1 март кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифлари чоғида ушбу боғ лойиҳаси билан танишиб, тегишли кўрсатмалар ҳамда тематик истироҳат боғига “Afsonalar vodiysi”, дея ном берган эди.

155 гектар майдонни эгаллайдиган ушбу кўнгилочар тематик паркда “Наманган истиқлол боғи” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 123 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳалар амалга оширилди. Бу борада “Ўзмиллийбанк” томонидан ажратилган 12 миллион АҚШ доллари миқдордаги кредит маблағи белгиланган ишларни ўз вақтида амалга оширишда муҳим аҳамият касб этди.

Ушбу дам олиш ва истироҳат масканидаги аттракционлар, 2400 ўринга мўлжалланган амфитеатр, етти турдаги сув аттракциони, 16 ҳавзали бассейн, 10 та хизмат кўрсатиш ва 5 та техник бино, иккита замонавий сунъий шаршара ва мусиқали фавворалар, 800 мижозга хизмат кўрсатувчи учта ресторан, 112 та дўконни ўз ичига олган икки қаватли савдо-сайилгоҳ кўчаси, 1800 ўринли иккита автотураргоҳ ташриф буюрувчиларнинг барча эҳтиёжларини қондириш имконини беради. Замонавий шаршара, мусиқали фаввора, канал, кўл объектлари эса мажмуага кўркамлик бахш этади.

Боғ ҳудудига яқин жойда барпо этилган бир вақтнинг ўзида 15 минг кишини сиғдира олувчи жомеъ масжид мусулмон ватандошларимиз учун чинакам туҳфа бўлганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 сентябрдаги “Наманган шаҳрида замонавий маданият ва истироҳат боғини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан собиқ Машраб боғи ўрнида барпо этилаётган ўзига хос дам олиш масканимизда “Ўзмиллийбанк” билан ҳамкорликдаги истиқболли лойиҳалар давом эттирилмоқда, – дейди “Афсоналар водийси” боғи директори ўринбосари Иброҳим Маматқулов. – Бугунги кунда 1 минг нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилаётган боғда янги масканлар ишга туширилиши режалаштирилган. Жумладан, 2022 йилнинг март ойига парк ҳудудида Нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги йирик уч қаватли ҳунармандлар маркази, 400 ўринга мўлжалланган меҳмонхона ва 100 ўринли турар-жой “вилла”лари фаолияти йўлга қўйилади.

Бир сўз билан айтганда, “Афсоналар водийси” тематик паркида дам олувчилар, туристлар учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, турли аттракцион ўйинлар, манзарали дарахт ва кўчатлар экилиб, соф экологик муҳит юзага келтирилди. Қолаверса, ажиб хиёбон Наманганда туризм салоҳиятини юксалтириш асносида вилоятга сайёҳлар оқимини кўпайишига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Эътиборлиси шундаки, фусункор боғ сўлим ва хушманзара бўлиб, шаҳар микроиқлими учун муҳим аҳамият касб этади.

Оқилхон Дадабоев,

ЎзА