Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Афросиёб хитойлик олимлар билан ҳамкорликда ўрганилади
20:42 / 2026-01-30

Самарқандда Ўзбекистон ва Хитой цивилизациялари ўртасидаги мулоқот ва алмашувларга бағишланган симпозиум бўлиб ўтди.

Ўзбекистон маданий мерос агентлиги ва Хитой тарих академияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда икки мамлакат археолог олимлари томонидан амалга оширилаётган тадқиқотлар ва уларнинг натижалари муҳокама қилинди.

Симпозиум ялпи мажлисида сўзга чиққан Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев, Хитой ижтимоий фанлар ва Хитой тарих академиялари президенти Гао Хианг, Ўзбекистон маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиев кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий гуманитар алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани, икки мамлакат олимлари ҳамкорлигида ўтказилаётган археологик тадқиқотларда кўплаб янгиликлар аниқланганини таъкидладилар.  

[gallery-27391]

– Буюк Ипак йўли туфайли Хитой билан нафақат савдо-иқтисодий алоқалар, балки илм-фан, маданият соҳаларида ҳам ҳамкорлик ривожланганини яхши биламиз, – деди вилоят ҳокими А.Бобоев. – Ҳозир бу муносабатлар “Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасида янги босқичга чиқди. Биз илмий-маданий алоқаларни янада ривожлантириш учун тарих ва археология соҳасида қўшма экспедициялар ташкил этишни таклиф қиламиз. Хусусан, қадимий Афросиёб шаҳри маданий қатламларини ўрганишда хитойлик олимлар билан ҳамкорлик қилинса, айни муддао бўлади. Чунки, бу ердан илк ўрта асрларда ўша пайтда Хитойда ҳукмрон бўлган Тан сулоласи давридаги буюмлар ҳам топилган. Улар биргаликда ўрганилса, икки давлат тарихи учун муҳим янгиликлар аниқланиши мумкин.

Шунингдек, А.Бобоев жорий йил ноябрь ойида Хитойнинг Лоян шаҳрида Самарқанд музейлари ҳафталигини, Самарқандда эса Хитой музейлари ҳафталигини ўтказиши режалаштирилганини маълум қилди. Кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишида эса Самарқанд давлат университети тарих факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалар учун амалиётни Хитойдаги олий ўқув юртлари ва археология илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш таклифи билдирилди.

Хитой ижтимоий фанлар ва Хитой тарих академиялари президенти Гао Хианг 2012 йилдан буён Ўзбекистон-Хитой кўшма археологик экспедициялари муваффақиятли иш олиб бораётганини қайд этди. Жумладан, Мингтепа ёдгорлигидаги илк экспедиция ҳозирда Баландтепа ҳамда Мунчоқтепа ёдгорликларида давом этаётганини таъкидлади. Афросиёб тепаликларида биргаликда археологик изланишлар олиб бориш таклифини қўллаб-қувватлади.  

Анжуман якунида Самарқанд археология институти ва Хитой ижтимоий фанлар академияси археология институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари