Россия – Украина
НАТОга аъзо давлатлар 11-12 июль кунлари Вильнюсда ўтадиган саммитда Украинага ёрдам беришни фаоллаштириш масаласини муҳокама қиладилар, деди ташкилот Бош котиби Йенс Столтенберг.
“Вильнюсда қабул қилинадиган қарорлар жуда муҳим, Украина Қуролли кучларини НАТО стандартига яқинлаштирамиз”, деди Шимолий Атлантика альянси раҳбари.
Украина Америка ҳукуматига қарши ҳужум бошланиши аниқ муддатини айтмаган. Бу ҳақда “The New York Times” газетаси расмийларга таяниб ёзди.
Хабарга кўра, Украина Қуролли кучлари Россия қўшинларининг жойлашуви ва ҳарбий хизматчилар сонини ўргана бошлаган. Бу жараён бир неча кун давом этиши мумкин.
“Ғарб Украинага етказиб бераётган қурол-аслаҳа дунёнинг бошқа муаммоли минтақаларига етиб бориши, ўша жойлардаги вазиятни янада кескинлаштириши мумкин”. Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто шундай деган.
Африка мамлакатларининг Украина атрофидаги зиддиятни тезроқ тўхтатиш мақсадида ташкил қилинган тинчлик миссияси Москва ва Киевга сафар қилади. Бу ҳақда Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса шундай деди:
- Миссиянинг икки вазифаси бор: можарони тўхтатиш шарти тўғрисида Россия ва Украина томони фикрини эшитиш ҳамда мазкур сафар хулосаси ўлароқ, таклиф-мулоҳаза ишлаб чиқиш.
Эслатиб ўтиш жоиз, ЖАР ташаббуси билан Миср, Замбия, Комор ороллари, Сенегал, Уганда Президентлари иштирокида видеоконференция шаклида ўтган учрашувда Москва ва Киевга борадиган миссия ишининг ташкилий жиҳати кўриб чиқилган. ЖАР ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазири Наледи Пандор “SABC” радиосига берган маълумотга қараганда, қатор Африка давлатлари ТИВ раҳбарлари кейинги ҳафта Киев ва Москвага боради.
Делегация, шунингдек, Африканинг мазкур етти мамлакати Президентларининг Киевга бўлажак ташрифига тайёргарлик кўриш учун украиналик мутассаддилар билан учрашувлар ўтказади, айни шундай мақсад билан делегациямиз Москвага ҳам боради, деди вазир интервьюсида.
Молдовалик мутахассислар Миллий армия марказида Украина Қуроллари кучлари учун ҳарбий сапёрларни тайёрлаш курсини бошлайди, дея маълум қилди республика Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
Украина Қуролли кучлари вакили Юрий Игнат айтишича, яқин кунларда украиналик учувчилар қирувчи самолётдан фойдаланишни ўрганиш учун чет элга юборилади.
“Учувчилардан ташқари, самолётларга хизмат кўрсатадиган механик ва жанговар бошқарув зобитлари ҳам махсус тайёргарликдан ўтади”, қўшимча қилди у.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги БМТ Хавфсизлик кенгашида Кахов ГЭСдаги тўғонга етказилган зарар бўйича зудлик билан йиғилиш ўтказиш таклифини киритди. ТИВ айни мавзу МАГАТЭ бошқарувчилар кенгашида ҳам кўриб чиқилиши зарурати бор, деб ҳисоблайди. Шунингдек, “ЕИ фуқаролик ҳимояси механизмини ҳам ҳаракатга тушириш керак.
Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши стратегик коммуникация бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби баёнотига кўра, АҚШ маъмурияти Кахов ГЭСдаги қўпорувчилик учун масъулият ким томонида эканига доир аниқ фикр айтолмайди.
Президент Владимир Зеленский Ғарб мамлакатлари Киевга етказиб бераётган қурол-аслаҳадан Россия ҳудудида фойдаланилмаяпти, дея ишонч билдирди.
“Менга бу масалада Ғарб мулозимлари мурожаат қилмади”, деди давлат раҳбари.
Аброр ХОН, ЎзА