Афина шаҳрида Риштон кулолчилик маҳсулотлари учун савдо уйи иш бошлади
Фарғона вилояти Риштон туманидаги “Mohi Diyor Roshidon” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган чинни ва сопол маҳсулотлари бугун нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам машҳур.
Фарғона вилояти Риштон туманидаги “Mohi Diyor Roshidon” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган чинни ва сопол маҳсулотлари бугун нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам машҳур.
Бу бежиз эмас, албатта. Чунки кулолчиликнинг гўзал намунаси бўлган бу буюмлар юқори сифати, жозибаси билан ҳар қандай кишини мафтун этади.
Дарҳақиқат, Риштон буюмлари, миниатюралари жаҳондаги санъат шайдолари орасида ҳам катта шуҳрат қозонган. Ҳеч бир ҳудуднинг кулолчилик намуналарига ўхшамайдиган бу санъат асарлари АҚШ, Буюк Британия, Франция, Польша, Швеция, Ироқ, Эрон, Миср каби мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда намойиш қилиниши ва жаҳон оммаси эътирофига сазовор бўлиши Риштон кулолларининг истеъдодидан далолат беради.
Риштонлик кулоллар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ўзининг дизайни, табиий ранги ва қалампир нусхали нақшларга бойлиги билан ажралиб туради. Чет эллик сайёҳларнинг бу санъат намуналарига бўлган қизиқиши ҳам катта.
– Корхонамизда 200 дан зиёд киши меҳнат қилмоқда, – дейди жамият раҳбари Саидаҳмад Акбаров. – Бир ойда юз минг донадан ортиқ сопол ва чинни маҳсулотларини ишлаб чиқармоқдамиз. Бугунги кунда уста ҳунармандларимизнинг кулолчилик маҳсулотларини хорижий давлатларда ҳам тарғиб этишга ҳаракат қиляпмиз. Ҳозирда Россия, Украина, Тожикистон каби давлатларга маҳсулотлар экспорт қилиняпти.
Яқинда С. Акбаров яна бир ташаббусга қўл урди. Грециянинг Афина шаҳрида Риштон кулолчилик маҳсулотлари учун савдо уйи иш бошлади. Мазкур савдо уйи Грециянинг «Craftence» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, Афинанинг энг зич Каллифея туманида фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирга қадар мазкур марказга 250 минг евролик буюмлар етказиб берилди.