Афғонистонда “Толибон” ҳаракати хокимият тепасига келгандан кейин ёпилган Бадахшон вилоятидаги "Hareem Zan" радиостанцияси фаолиятини қайта ишга туширди, дея маълум қилди радиостанция ходимларининг бири РИА Новостига.
Ходимнинг таъкидлашича, аввал радиостанциянинг тўхтаб қолишига молиявий муаммолар сабаб қилиб кўрсатилган эди, аслида, ҳақиқий сабаб толиблардан қўрқув бўлганди, чунки радиода 11 нафар аёл ходим ишлаган.
Янги ҳукумат радиода аёл овозини тақиқламагани боис, "Hareem Zan" фаолияти яна қайта йўлга қўйилди, дейди у агентликка берган интервьюсида.
Бундан аввалроқ толиблар Қандаҳордаги телевидение ва радиода мусиқа оҳанглари ва аёл овозини тақиқлаб қўйган эди.
“Чегарасиз репортёрлар” (RSF) нодавлат ташкилотининг тарқатган маълумотида келтирилишича, 2021 йил августдан, яъни ҳукумат тепасига толиблар келгандан кейин мамлакатда 231 та оммавий ахборот воситалари ёпилган. Тахминан 6 минг 400 журналист ишини йўқотган. Бу аёл журналистларга ҳам тегишли бўлди. Айни дамда ҳар беш аёл журналистнинг тўрт нафари ишламайди.