Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Афғонистонлик инвестор билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
19:02 / 2025-06-11

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокимлиги ва Афғонистондан ташриф буюрган йирик тадбиркор Шамсуддин Шамс ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим меморандум имзоланди.

Бу ҳақда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди. Музокаралар Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида Ўзбекистон – Афғонистон чегарасида барпо этилган “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси ҳудудида бўлиб ўтган.

Учрашувда Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Масрур Бадалов афғонистонлик тадбиркор билан бир қатор муҳим йўналишларда ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди. Хусусан заргарлик саноати, замонавий электромобиллар учун аккумулятор ишлаб чиқариш ҳамда тўқимачилик соҳаларида саноат корхоналари ташкил этиш бўйича амалий таклифлар киритилди.

Музокаралар якунида икки томон ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва инвестицияларни жалб қилишга қаратилган меморандумга имзо чекди. Бу ҳужжат Яккабоғ туманида саноатни ривожлантириш ҳамда янги иш ўринлари яратишга муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, афғонистонлик тадбиркор Шамсуддин Шамс нафақат Афғонистонда қўрғошин ва зумрад конларига эга, балки бир неча хорижий давлатларда ҳам йирик саноат корхоналарини муваффақиятли бошқариб келмоқда. Унинг тажрибаси ва инвестициялари икки мамлакат ўртасида иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири