Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида чорвачилик соҳаси баробарида паррандачилик тармоғига алоҳида эътибор қаратилаётгани сабабли бугун ҳудудда бу турдаги ихтисослаштирилган хўжаликлар сони ортиб бормоқда.
Айни кунда чўлқуварлар замини Навбаҳор маҳалласида фаолият юритаётган “Vigour Export” МЧЖда ҳам паррандачилик тармоғига дахлдор, умумий қиймати ўн бир миллиард сўмга тенг лойиҳа амалга оширилди. Бу сармоянинг уч миллиард сўми тадбиркорнинг ўз маблағи саналади.

– Фаолият бошланганимизга уч йилдан ошди, – дейди маҳаллий тадбиркор Анвар Ҳамроев. – Дастлабки босқичда Хитой технологияси асосида товуқхона павильони барпо этилган бўлиб, унда жами 50 минг бошдан ортиқ “Loman Sendi” зотига мансуб, тухум етиштириш йўналишидаги товуқлар парваришини йўлга қўйдик. Яна 100 минг бош товуққа мўлжалланган иккинчи павильон ишга туширилади. Ҳозирда 16 нафар ишчи меҳнат қилаётган фермада лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга тушиши билан яна 10 та янги иш ўрни яратилади.

Шунингдек, корхонада жорий йилнинг март ойида қиймати 120 минг АҚШ долларига тенг бўлган замонавий тегирмон ўрнатилган. Мазкур тегирмон соатига 5 тонна озуқа ишлаб чиқариш қувватига эга. Шу вақтга қадар зарур озуқа бозордан сотиб олинган бўлса, эндиликда товуқларга бериладиган комбикорм, омихта ем шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилаётгани сарф-харажатни қисқартиришга олиб келди.

Бир дона тухум нархини ўртача 800 сўмдан ҳисоблаганда ҳам “Vigour Export”да қўлга киритилаётган бир кунлик даромад 30 миллион сўмга етмоқда. Демак, бунда меҳнат қилаётган 16 нафар ишчининг иш ҳақи ойига 3,5 миллион сўм атрофида.
Бундан ташқари, мазкур корхона жорий йил май ойи бошидан буён Афғонистонга 20 минг АҚШ доллари миқдорида тухум экспорт қилди. Бу лойиҳанинг бир қисми, холос. Яқин истиқболда тадбиркор маҳсулот экспорти ҳажмини 10 баробарга ошириш чораларини кўрмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.