Муборак Қурбон ҳайити арафасида ён қўшни давлатга етказилган 183 тонна озиқ-овқат маҳсулотидан иборат инсонпарварлик ёрдамини Балх вилоятининг Ҳайратон шаҳрида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев афғон расмийларига топширди.
Инсонпарварлик юки таркибида ун, гуруч, шакар, мош, макарон, қизил ловия, ўсимлик ёғи ҳамда қандолат маҳсулотлари, тез тайёрланадиган таомлар бор.


Ислом тинчлик, маърифат, меҳр-мурувват ва саховат дини сифатида инсонларни асрлар давомида эзгу амалларга ундаб келади. Яхшиликка даъват этади. Халқимиз эъзозлаб келаётган бу фазилатлар, айниқса, ҳайит кунларида янада кенгроқ намоён бўлади. Арафа кунларидан бошлаб касалманд, муҳтож кишилар, кексалар ҳолидан хабар олишни, дўсту биродарлар, қавму қариндошларни зиёрат қилиб, ҳайитликлар улашишни улуғ савобли амал, деб билади.


Мамлакатимизда сўнгги йилларда бу қадриятларимиз янада кенг қулоч ёзиб, ён қўшнимиз – Афғонистонга арафа кунлари инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш йўлга қўйилгани халқларимизга ўзгача қувонч улашмоқда. Урф-одат, анъана ва дини бир ўзбек афғон халқларининг ўтмишдаги яқин биродарлик, азалий дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.


– Президент Шавкат Мирзиёев жафокаш афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш баробарида бу ерда тинчлик ўрнатиб, осуда, тўкин ҳаётни таъминлашга катта эътибор бераётганидан халқимиз беҳад миннатдор, – дейди Балх вилояти ҳокими ўринбосари Нурулходи Абуидрис. –Мамлакатларимиз чегарасидаги Амударё бўйида барпо этилган халқаро савдо маркази ҳам бизга кўрсатилаётган эътиборнинг амалдаги яна бир ифодаси бўлди. Ҳозир бу ерда икки халқ вакиллари нафақат савдо-сотиқ билан шуғулланиши, ўз бизнесини йўлга қўйиши, балки афғон болалари, хотин-қизлари даволаниб, соғлигини тиклаши учун барча шароит яратилган. Буларнинг барчаси келажакда афғон тарафда ҳам тинчлик, осойишталик ҳукм суришига катта ишонч билан қараётганининг амалдаги ифодасидир.

Қўшни мамлакат расмийлари кўрсатилаётган ёрдам учун Ўзбекистон Президенти ва халқига чуқур миннатдорлик билдириб, Қурбон ҳайити билан самимий табриклади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири