Афғонистон ғарбида юз берган фожиали зилзила қурбонлари сони икки минг нафардан ошди, дея хабар берди Ассошиэйтед Пресс агентлиги.
Кеча Ҳирот шаҳридан тахминан 40 километр шимоли-ғарбда 6,3 магнитудали кучли ер силкиниши юзлаб одамлар вайроналар остида қолишига сабаб бўлган. Маълум қилинишича, 465 уй вайрон бўлган, яна 135 хонадон зарар кўрган.
Энг ёмони: БМТ вайроналар остида ҳали ҳам одамлар борлигини айтмоқда. Сўнгги 20 йилда содир бўлган энг ҳалокатли табиий офат олти қишлоқни бутунлай вайронага айлантирган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил июнда Афғонистон шарқида рўй берган кучли зилзила оқибатида минг киши ҳаётдан кўз юмган, 1500 одам яраланган эди.
Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот билан чиқди. Афғонистоннинг ғарбий вилоятларида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлиши ва кенг кўламли вайронагарчиликларга олиб келган зилзила ҳақидаги хабар Ўзбекистонда чуқур қайғу билан қабул қилинди.
Б.Худойбердиев тайёрлади.