Сўнгги уч кун ичида Афғонистонда кучли қор ва ёмғир ёғиб, 60 дан зиёд одам ҳалок бўлди.
“АзерТАЖ” хабар беришича, 100 дан ортиқ одам жароҳат олган.
Фавқулодда вазиятларни бошқариш миллий бошқармаси маълумотига кўра, бўрон натижасида қарийб 460 уй қисман ёки тўлиқ вайрон бўлган. Энг кўп зарар мамлакатнинг марказий ва шимолий ҳудудларида кузатилган.
Бу рақамлар дастлабки маълумот, офат таъсирини баҳолаш давом этяпти. Расмийлар аҳолини зарурат бўлмаса қор билан қопланган йўлларда юрмасликка чақирган. Вилоят ҳокимияти мамлакатнинг энг муҳим транспорт йўлакларидан бири бўлган Саланг автомагистрали бутунлай ёпилганини маълум қилди.
Афғонистоннинг "Kabul Now" нашри хабар беришича, пайшанба куни кечқурун Саланг тоғи довонида қор кўчиб, икки одам ҳаётдан кўз юмган, 12 киши жароҳат олган. Умуман, мамлакатнинг турли минтақаларида кўчки, сув тошқини қайд этилган.
Г.Сатторова, ЎзА