Афғонистон шарқида 12 соат ичида икки бор кучли афтершок содир бўлди. Германия Геология фанлари тадқиқот маркази маълумотига кўра, бугун мамлакат жануби-шарқида, 10 км чуқурликда 5,4 магнитудали зилзила қайд этилган. Бу ҳодиса минтақада яна қурбонлар берилиши, вайронагарчилик бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирни кучайтирди.
Сўнгги тўрт кун ичидаги зилзилалар мамлакатда 2200 га яқин инсоннинг ҳаётига зомин бўлди, деб ёзган “Reuters”. Зилзилага мойил ушбу минтақада омон қолганлар учун энг зарур шароит яратишга ҳаракат қилиняпти. БМТ ва бошқа масъул идоралар таъминот, озиқ-овқат, дори-дармон ва бошпанага эҳтиёж кучайиб бораётганидан огоҳлантирмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти халқаро жамоатчиликка мурожаат қилиб, 4 миллион доллар сўради. Расмийлар пайшанбага қадар 2205 киши ҳалок бўлгани, 3640 одам жароҳатланганини тасдиқлаган. Нангарҳор вилояти соғлиқни сақлаш департаменти матбуот котиби Нақибулла Раҳимий айтишича, кечаги зилзиланинг марказий нуқтаси Покистон билан чегарадош Шива туманида экани аниқланган. Вайроналар ҳақида дастлабки маълумотлар аллақачон олинган.
ЖССТ муҳим йўллардаги кўчки ва вайроналар ёрдам кўрсатишга халақит бераётганини айтиб, соғлиқни сақлаш ва касалликларни назорат қилиш учун кўпроқ маблағ ажратишга чақирди. Аҳоли турли хасталиклар хавфи асосан гавжум бошпаналардан келиб чиқишига эътибор қаратган.
Афғонистон ҳукумати якшанба кунги фалокатдан кўп ўтмай, дунёга шошилинч ёрдам сўраб мурожаат қилди. Афсуски, 2021 йил Толибон ҳокимиятни қўлга киритгандан буён дунё эътиборидан анчайин четда қолаётган мамлакатга жуда кам ёрдам кўрсатиляпти.
Зилзила оқибатини бартараф этиш учун ажратилган маблағ тез орада тугашини билдирган БМТ маблағ сўраб, фавқулодда мурожаат қилишни режалаштирмоқда.
Г.Сатторова, ЎзА