Афғонистонда автоҳалокат туфайли одамлар ҳалок бўлди
Афғонистон шимолидаги Сари-Пул музофотида одам ташийдиган фургон жарликка тушиб кетди. Ҳодиса туфайли 24 киши, жумладан 12 аёл ва саккиз нафар бола ҳаётни тарк этди, деб ёзди “Рейтер” агентлиги маҳаллий полиция маҳкамасига таяниб.
Ахборотда Сари-Пул полицияси вакили Дин Муҳаммад Назарийнинг қуйидаги сўзлари келтирилган: Ҳайдовчи эҳтиётсизлиги сабаб автомобиль йўлдан чиқиб кетган ва чуқурга қулаган, йигирма тўрт киши ҳалок бўлган.
Ҳозирча фожианинг бошқа тафсилоти ошкор қилинмаган.