Ноябрь ойи бошида Афғонистон шимолида 6,3 магнитудали зилзила содир бўлди. Марказий нуқта Мозори Шариф шаҳри яқинида, 28 километр чуқурликда қайд этилган. Силкиниш Саманган, Балх вилоятлари, шунингдек пойтахт Кобулда ҳам сезилди. Айниқса Ойбек, Мозори Шариф, Маймана, Тоҳар, Қундуз ва Сарпул шаҳарлари кучли тебранди.
Сўнгги йилларда Афғонистон ва Покистон ҳудудида табиий офат, айниқса зилзила сони кескин кўпайди. Бу ҳолат нафақат инсонлар ҳаёти, балки бутун минтақанинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳинд ва Евросиё тектоник плиталари туташган нуқтада жойлашгани боис, ҳозир бу икки қўшни давлат сейсмик фаоллиги дунё бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Қуйида яқин тарихда айни ҳудудда юз берган зилзилалар ҳақида сўз юритамиз.
2025 – силкиниш йили
Жорий йил Афғонистон ва Покистон учун ўта фаол сейсмик даврга айланди. 31 август куни Ҳиндукуш тоғида кузатилган 6,2 магнитудали зилзилага эргашган кетма-кет силкиниш 2 200 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлди. Бир неча ҳафта ўтмай, 3 ноябрь куни Мозори Шариф шаҳри яқинида 6,3 магнитудали яна бир кучли тебраниш қайд этилиб, камида 7 киши ҳалок бўлди, 150 одам жароҳат олди. Шу тариқа мамлакат аҳолисининг ҳали оғриғи унутилмаган хотираси яна жонланди.
Покистон ҳам 2025 йил турли силкинишларни бошидан кечирди. 29 июнь куни марказий ҳудудлар 5,5, 10 майда эса 5,7 магнитуда ўлчамига тенг куч билан заминимиз қимирлаганига гувоҳ бўлди. Ҳиндукуш ва Афғонистон – Тожикистон чегарасида апрель ойида 5,6 ва 5,8 магнитудали зилзила қайд этилди. Мартда ва июнда Карачида бир неча марта талафотсиз, аммо сезилиш даражаси кучли ер тебраниши кузатилди.
2024 – сейсмик фаоллик кучайиши йили
2024 йил ҳам Афғонистонда Ер тез-тез “ҳаракат”га келиб турди. Мутахассислар 17 октябрь куни Ҳиндукуш минтақасидаги 5,5 магнитудали офатни ёзиб қўйишди. Йилнинг энг кучли, 6,3 магнитудага тенг силкиниши эса 11 январда кўплаб туманларни вайрон қилди. Шундан сўнг яна бир неча марта, масалан Покистоннинг Кашмир ва бошқа шимолий ҳудудларида 5,5-5,8 магнитудали шундай нохуш табиий ҳодиса қайтарилди.
2023 йил – минтақадаги энг ҳалокатли давр
2023 йил Афғонистон учун сўнгги ўн йилликдаги энг ҳалокатли давр сифатида ёдда қолди. Октябрь ойида бир неча зилзила оқибатида тахминан мингга яқин одам ҳаётдан кўз юмди. Март ойидаги 6,5 магнитудали ер қимирлашида яна 13 инсон қурбон берилди. Бу воқеалар мамлакатдаги қурилиш сифати пастлиги, инфратузилма қолоқлиги ва фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик даражаси қониқарли эмаслигини кўрсатди.
2022 – минтақа учун оғир йил
2022 йил июнь ойида 6 магнитудали зилзила натижасида мингдан ортиқ афғонистонлик ҳалок бўлди. Мазкур воқеа дунё жамоатчилигини даҳшатга солди. Август-сентябрь ойларида ҳам қатор силкинишлар қайд этилди. Покистонда ҳам сайёрамиз 5,6 магнитуда кучи билан қимирлагач, табиий офат иез-тез қайталаниб турди. Жанубий ҳудудларда бир неча фуқаро вафот этди.
2021 йил ва олдинги даврлар
2021 йил Покистонда содир бўлган зилзила 15 кишини ёруғ дунёдан олиб кетди. Афғонистонда эса 4,6 магнитудали кучсиз силкиниш қайд этилди. Айнан шу йилги силкинишлар минтақадаги сейсмик вазият босим остида эканини кўрсатувчи белги сифатида намоён бўлган.
Мутахассислар нима дейди?
Сейсмологлар фикрича, Афғонистон ва Покистонда зилзила бу қадар кўпайиши табиий жараён. Икки йирик тектоник плитанинг ҳаракати ҳали тўлиқ барқарорлашмаган. Ҳар йили бу плиталар бир-бирига нисбатан тахминан 4-5 сантиметр силжийди. Айнан шу ҳолат ер остида энергия тўпланиши ва катта куч билан юқорига ҳаракатланишига олиб келади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Гуманитар ишлар бўйича бошқармаси маълумотига кўра, Афғонистондаги ҳар бир йирик зилзиладан сўнг 100 минглаб одам уй-жойсиз қолмоқда. Покистон фавқулодда ҳолат тизими ҳам сейсмик хавфли ҳудудлар бўйича етарли тайёргарликка эга эмас.
Умуман, бу икки юртдаги сейсмик фаоллик минтақа хавфсизлиги учун асосий таҳдид бўлиб турибди. Ҳар бир йирик зилзила нафақат қурбонлар келтиради, балки инфратузилма, иқтисодиёт ва ижтимоий барқарорликка зарба беради. Шу боис мутахассислар бу мамлакатларга зилзилага бардошли қурилиш ва эрта огоҳлантириш тизимини такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни кучайтиришни тавсия этмоқда.
Минтақада юз бераётган зилзилалар шунчаки табиий ҳодиса эмас. Афғонистон ва Покистонда ҳар бир кучли силкиниш нафақат заминни, балки жамият онгини ҳам силкитаётир. Демак, асосий вазифа фақат вайронагарчиликни тиклаш эмас, балки зилзила хавфига тайёр, барқарор ва илмга асосланган жамият барпо этиш. Бу борада халқаро ҳамкорлик, сейсмологик кузатув тизимини янгилаш ва аҳолини фавқулодда вазиятларга тайёрлаш бўйича тизимли чоралар кўриш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА