English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Афғонистон ташқи ишлар вазири билан учрашув бўлиб ўтди
11:01 / 2021-06-16

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар билан музокаралар ўтказди.

Томонлар афғонлараро тўғридан-тўғри тинчлик музокараларининг истиқболларини, июль ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияга тайёргарлик кўриш жараёнини ҳамда савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Ҳ.Атмар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга кўрсатилган фавқулодда гуманитар ёрдам учун Афғонистон раҳбариятининг самимий миннатдорлигини етказишни сўради. Унинг сўзларига кўра, мазкур гуманитар ёрдам пандемиянинг учинчи тўлқинига дуч келган минглаб оддий афғонларнинг ҳаётини сақлаб қолди.

Вазир Ўзбекистон раҳбарининг Афғонистон Ҳукумати илтимосига биринчи бўлиб жавоб берганини алоҳида таъкидлади ҳамда бу Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигининг ҳозирги юқори даражасидан дарак берувчи яна бир мисол эканлигини эътироф этди.

Афғонистон томони Ўзбекистон раҳбариятининг афғон можаросини тинч йўл билан бартараф этиш, мамлакат ҳудудида энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларида турли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

ЎзА