Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Афғонистон, ШҲТ ва АҚШ-Хитой муносабати...
20:11 / 2022-07-29

Жумадан жумагача

Ҳафта таҳлили

Ўтган якшанба дам олиш куни бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари, шунингдек, Туркия Республикаси Президентлари билан телефон орқали мулоқот ўтказди.

Мавжуд икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга қаратилган истиқболдаги режалари бўйича фикр алмашилди.

25-26 июлда Тошкентда бўлиб ўтган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” юқори даражадаги халқаро конференцияси аввалги икки анжуман – 2018 йил 27 март куни бўлиб ўтган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» ва 2021 йил 15-16 июль кунлари ўтказилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзуларидаги нуфузли анжуманларнинг мантиқий давоми бўлганини қайд этиш жоиз.

Кун тартибидан Афғонистоннинг барқарор тинчлик ва хавфсизликка эришишини таъминлашга қаратилган қатор муҳим масалалар ўрин олди. Қўшни давлатда гуманитар инқирознинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, урушдан кейинги миллий иқтисодиётни тиклашга кўмаклашиш, кўп миллатли жафокаш афғон халқи ва бутун дунё манфаати йўлида ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнига жалб этиш сингари асосий мавзулар кенг муҳокама қилиниб, аксарият мамлакатлар вакиллари томонидан муштарак фикр билдирилди.

Тошкент форуми платформаси Aфғонистон муаммосига доир энг долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш учун қулай имконият яратганини иштирокчилар эътироф этишди.

Ўтган йил августдан буён 1 миллиард доллар ажратган AҚШ Aфғонистонга энг йирик гуманитар ёрдам донори бўлгани айтилди. Марказий банк Aфғонистон ҳукумати билан музлатиб қўйилган давлат маблағлари масаласида ҳам иш олиб бораётгани тўғрисидаги гап ҳам биринчи бўлиб Тошкентда янгради.

Россия ҳам Афғонистонга буғдой на нефть етказиб бериш учун музокара олиб бориш учун тайёрлигини изҳор қилди.

Хитой бу давлатни Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги кўприк”, дея баҳолаб, Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар ва Ғарбий Хитой ва Марказий Осиё темир йўллари қурилишини дастаклашга ҳозирлигини билдирди.

Хорижий экспертлар Туркманистон – Покистон – Ҳиндистон газ йўли қурилишига вақт эрта эканини таъкидлаб, бир йил аввалгига нисбатан мамлакатда хавфсизлик чоралари анча назоратга олинганига ишора қилишди.

Ғарб ҳали замон бу давлат билан жиддий шуғулланишга киришгани йўқ, аниқроғи бу ишга қўли етиб борган эмас. Европаликлар кўпроқ Украина инқирози билан машғул бўлиб қолишди.

Афғонистон Муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий илк бор бундай нуфузли анжуманда иштирок этиб, сўз олди. Юртидаги хавфсизликни Марказий Осиё минтақасидаги тинчлик ва барқарорлик гаровига боғлади.

Мамлакати ҳудуди бундан буён террор ташкилотлари томонидан фойдаланилишига йўл қўйилмайди, дея берган баёноти анча умидбахш ҳолат.

Ёки, ҳозирги ҳукуматнинг Афғонистонни минтақавий хаб, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик марказига айлантириш истаги ҳам кўнгилларга анча таскин беради.

Мана шундай улуғвор режалар сари, бироз бўлса-да, ҳаракат сезилган тақдирда афғон ҳукуматининг асл мақсади - барча давлатлар билан дипломатик муносабат ўрнатилишига йўл очилармиди?..

Назаримда, Афғонистон мавзуси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммитида ҳам кўтарилади, чунки бу давлат мазкур тузилмада кузатувчи мақомига эга.

Куни кеча Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари йиғилиши Самарқанд саммитига тайёргарликнинг сўнгги босқичига кирганидан дарак берди.

Катта йиғилишда Ўзбекистоннинг бир йиллик раислик фаолиятига баҳо берилди. Ташкилот доирасида 70 дан зиёд турли-туман тадбирлар ўтказилди.

Ғарб давлатларида фаолиятига холис баҳо бериш ўрнига, ҳануз ШҲТнинг самарадорлигига шубҳа билан қараш кайфияти зоҳир. Эҳтимол, бунга кўникиш керакдир?! Шундай бир гап бор-ку: қанча кўп саваласа, шунча мустаҳкам бўлади.

Самарқандда ШҲТга аъзолик учун давлатлар томонидан берилган бир неча ариза кўриб чиқилиши кутилмоқда. Ким хоҳлайди, ким хоҳламайди – Ташкилотнинг бағри кенг, кенгаяверади!

Ўтаётган ҳафтанинг долзарб мавзуларидан яна бири АҚШ ва Хитой муносабати билан боғлиқ эди. Жаҳон афкор оммасининг диққати Президент Байден ва Раис Си Цзиньпиннинг телефон орқали мулоқотига қаратилди.

Вашингтон ва Пекин маъмурияти матбуот хизматлари ҳам телефон суҳбати тафсилотини тўла очиб ташламади: икки оғиздан расмий хабар бериш билан чекланди. Матбуотга бир-бирининг ғашига тегадиган анъанавий баёнотлар сиздиришдан ҳам тийилишди бу сафар.

Аслида, икки давлат ўртасидаги муносабат таранглиги анча йилдан бери сақланиб қолмоқда. Дональд Трамп Пекинга Хитойдаги ички миллий низо бўйича санкцияни кучайтирди. Энг охирги чора - Вакиллар палатаси спикерининг ўтган ҳафта Тайвань оролига бориш режаси эълон қилингандан кейин босими яна кучайди.

Йил бошидан бери бешинчи марта ўтказилган телефон суҳбати ҳам осон кечмаган, чоғи. Етакчилар икки соат-у йигирма дақиқа “дунё ташвишлари”ни гаплашиб олишди, деб тахмин қилиш мумкин, холос.

Фақат Си Цзиньпин Байденга кескин тарзда АҚШнинг Хитой ички ишларига аралашишига йўл қўйилмаслигини айтиб ўтгани ва суверенитет қаттиқ ҳимоя қилинишини билдиргани аниқ.

Ёзги таътил мавсуми сиёсатга ҳам тааллуқли. Халқаро муносабатда жуда ёниб турган мавзу бўлмаса, сиёсатчилар ҳам дам олишга ҳақли.

Бугунги гапимиз шу қадар.

Яна хабарлашгунча!

Аброр ҒУЛОМОВ, ЎзА сиёсий шарҳловчиси