Афғонистон шарқида 6,1 магнитудали зилзила содир бўлди, деб хабар берди Европа Ўрта ер денгизи сейсмология маркази. Кейинроқ сейсмологлар ҳисоботида магнитуда 5,6 даражага туширилди.
Зилзилашунослар маълумотига кўра, силкиниш марказий нуқтаси 200 000 аҳоли истиқомат қиладиган Жалолобод шаҳридан 41 километр, Покистоннинг Пешовар шаҳридан 109 км масофага тўғри келган. Зилзила ўчоғи ўн километр чуқурликда. Қурбонлар ва вайронагарчилик ҳақида маълумот берилмаган.
Маълумки, 31 август куни кечқурун Афғонистон шарқида кузатилган кучли зилзила магнитудаси 6,2 баллни ташкил қилиб, офат ўчоғи Жалолободдан 50 километр жойда, 10 км чуқурликда экани маълум қилинган. Бунинг ортидан беш марта такрорланган ер силкиниши Кобулдан Покистон пойтахти Исломободгача бўлган ҳудудда сезилган. Кунар вилояти энг кўп жабр кўрган, Нангарҳор, Лағмон, Нуристон ва Панжшир вилоятларида ҳам иншоотлар вайрон бўлган.
Охирги офат мамлакатнинг шундоқ ҳам кўп йиллик можаро, қашшоқлик ва оғир табиий шароит туфайли заифлашган соғлиқни сақлаш тизимига ортиқча юк бўлди. Айрим манбаларда Толибон ҳукумати томонидан бугун янгиланган ҳисоботга таяниб ёзилишича, Афғонистондаги сўнгги зилзила қурбонлари сони 2200 дан ошгани, 3600 дан кўп одам жароҳатлангани, 8000 дан зиёд уй вайрон бўлгани келтириляпти. Ҳукумат расмий вакили қидирув-қутқарув ишлари давом этаётгани, демак ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони кўпайиши эҳтимоли мавжудлигини билдирган.
Ачинарлиси, фожиа жойи тоғли ҳудуд бўлганлиги боис ёрдам етказиш ишлари ҳамон мураккаблигича қолмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА