Афғонистон ташқи савдони диверсификация қилиш ва Покистонга қарамликни камайтириш учун Эроннинг Чобаҳор бандаргоҳига тобора кўпроқ мурожаат қилмоқда, деб ёзган “Reuters” қўшни мамлакат расмийларига таяниб.
Саноат ва савдо вазирлиги вакили сўнгги олти ой ичида Эрон билан савдо қиймати 1,6 миллиард долларга етгани, ушбу кўрсаткич Покистон билан 1,1 миллиард долларлик молиявий алмашинувдан юқори эканини маълум қилди.
Хабарда келтирилишича, Толибон савдогарларга Покистон билан ҳисоб-китоб қилиш ва муқобил йўлларни топиш учун уч ой вақт берган. Бу чорани мутахассислар минтақавий савдода стратегик ўзгариш белгиси сифатида баҳолашмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, Чобаҳор портидан фойдаланиш кўлами кенгайиши Афғонистоннинг Эрон ва Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқани мустаҳкамлаш ва Покистоннинг ташқи савдога тарихий таъсирини камайтириш истагини акс эттиради. Покистон мудофаа вазири, ўз навбатида, Афғонистон билан савдо-сотиқ камайиши мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказмаслигини таъкидлади.
С.Раҳимов, ЎзА