French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Афғонистон Россия билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
15:53 / 2026-02-16

Россиядан нефть ва газ сотиб олишни режалаштираётган Афғонистон икки давлат савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Москвадаги элчи Гул Ҳасан TAСС агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.

Дипломатнинг сўзларига кўра, Кобул мамлакатга энергетика ресурслари, хусусан нефть ва газни Россиядан олиб киришни мақсад қилган. У икки давлат савдо алоқалари ҳозир жадал ривожланаётганини қайд этди. Хусусан, банк чеклови билан боғлиқ тўсиқлар бартараф этилса, доривор маҳсулотлар, саноат товарлари, дон, ўсимлик ёғи ҳам сотиб олиниши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди.

Гул Ҳасан Афғонистон Россия бозорига ҳул ва қуритилган мева, сабзавот, шифобахш ўсимликлар, гилам ҳамда минерал ресурслар экспорт қилишга тайёрлигини билдирди. Яъни, экспорт ва импорт ҳажми ортиши ўзаро савдо айланмасини сезиларли даражада кўпайтириши мумкин.

Элчи Москвада афғон маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этиш режасини ҳам ошкор этди. Бу ташаббус савдо алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари Кобул фойдали қазилмалар қазиб олиш ва энергетика соҳасида ҳам Москва билан ҳамкорликка тайёр. Россия компаниялари Афғонистоннинг саноат, тоғ-кон ва инфратузилма соҳаларига кўп йилдан бери қизиқиш билдириб келмоқда.

Ф. Яхшибоева, ЎзА