Жанубий Осиёда кўп йил яширин ва очиқ шаклда давом этган Афғонистон – Покистон зиддияти яна кескинлашди. Чегарадаги тўқнашув, ўзаро айблов ва ҳаво зарбалари икки давлат муносабатини хавфли нуқтага олиб келди.
Ушбу можаро замирида тарихий ишончсизлик, геосиёсий ҳисоб-китоб ва радикал гуруҳлар омили уйғунлашган.
Тошкент давлат шарқшунослик университети таянч докторанти Муқаддас Ҳожимуродова айтишича, жорий йил 26-27 февраль кунлари бошланган воқеалар мазкур зиддият ҳал қилувчи босқичга кўчганини кўрсатади. Покистон мудофаа вазири Ҳавожа Муҳаммад Осиф мамлакатнинг сабр косаси тўлгани, Афғонистон билан очиқ ҳарбий тўқнашув ҳолатига киришилгани ҳақида баёнот берди. Толибон бошлаган ҳужумга жавобан, Покистон армияси кенг кўламли “Ғазаб лил Ҳақ” номли амалиёт олиббормоқда.
Томонлар етказилган зарар ва қурбонлар бўйича турли рақамларни келтирмоқда. Покистон Идорлараро разведка бошқармаси (ISI) матбуот котиби Аҳмад Шариф Чаудри мамлакатнинг қатъий позициясини баён қилиб, Афғонистон расмийлари террор гуруҳларини қўллаб-қувватлаш ёки Покистон билан яхши қўшничилик муносабатини ўрнатиш ўртасида танлов қилиши кераклигини таъкидлаган.
Расмий маълумотга кўра, 274 нафар афғон толибон жангчиси йўқ қилинган. Бу “эҳтиёткор баҳо” сифатида қайд этилган, ҳақиқий кўрсаткич янад юқори бўлиши мумкин. 400 дан зиёд одам яраланган, чегара бўйлаб жойлашган 73 ҳарбий пост бутунлай вайрон қилинган, 18 манзил Покистон назоратига олинган. Шунингдек, 115 танк, зирҳли техника ва артиллерия воситаси йўқ қилингани, жангариларга бошпана берган штаб, бригада ва батальон марказлари, ўқ-дори омборлари ҳамда логистика базалари нишонга олингани билдирилди. Ҳаво зарбалари Кобул, Қандаҳор, Пақтия, Нангарҳор, Хост ва Пактика вилоятларидаги ҳарбий объектларга қаратилгани, фуқаролик инфратузилмасига зарар етказилмагани айтилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, бу тўқнашувлар кўпчилик учун кутилмаган ҳолат эмас эди. Зеро, икки давлат ўртасидаги муносабат узоқ тарихий илдизларга эга. 1947 йил Покистон мустақилликка эришгач, ғарбий чегара сифатида Буюк Британия Ҳиндистони даврида белгиланган ҳудудий чизиқ қабул қилинди. Афғонистон билан сарҳадни белгилаб турган мазкур ҳудуд “Дюранд чизиғи” номи билан машҳур бўлиб, 1893 йил Британия империяси вакили Генри Мортимер Дюранд ҳамда Афғонистон амири Абдурраҳмон ўртасида тузилган келишувга бориб тақалади.
Британия Ҳиндистондан чиқиб кетганидан буён Афғонистондаги ҳеч бир ҳукумат ушбу чегарани расман тан олмаган. Шу сабабли икки қўшни ўртасидаги сиёсий алоқалар доим мураккаб ва ишончсиз муҳитда шаклланиб келган. Бугунги кескинлашув ҳам шу тарихий мерос ва ўзаро ишонч танқислиги давоми сифатида баҳоланмоқда.
Кўплаб таҳлилчилар фикрича, Покистоннинг ўтган аср 80-йилларида Афғонистон масаласига чуқур аралашуви стратегик жиҳатдан жиддий хато бўлган. Бундай сиёсат мамлакатга кутилган геосиёсий устунликни бермади. Аксинча, узоқ муддатли хавфсизлик муаммосини келтириб чиқарди ва оғир оқибат учун тўлов талаб қилди.
Покистон Афғонистоннинг собиқ Совет Иттифоқига қарши курашида АҚШ иттифоқчиси эди. Саудия Арабистони ва Қўшма Штатлар билан бирга мужоҳидлар Покистон ҳудудида тайёрланиб, кейин Афғонистонга юборилган. Мамлакатга мислсиз миқдорда молиявий ёрдам оқиб келган. Қолаверса, қуролли курашни рағбатлантирувчи жиҳод мафкураси кенг тарқатилган.
Покистон тарихчилари ўша пайт давлат раҳбари бўлган Зиё ул-Ҳақнинг консерватив қараши туфайли мамлакатда жадал исломлашув ва радикаллашув жараёни кучайганини эътироф этади. Совет қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетгач, бошланган фуқаролар уруши даврида Покистон мужоҳидлар сафидан чиққан толибларни қўллаб-қувватлади. Толибон раҳбарлигида Афғонистон Ислом Амирлиги эълон қилинганда, ушбу мамлакатни тан олган кам сонли давлатлардан бири айнан Покистон бўлди.
Бу сиёсат “стратегик чуқурлик” концепцияси номи билан машҳур. Яъни, Кобулда Исломободга содиқ ҳукуматни шакллантириш орқали Покистон ўзининг Ҳиндистон билан рақобати шароитида ғарб томонда хавфсиз “қўшимча майдон” яратишни кўзлаган. Агар Ҳиндистон билан кенг кўламли тўқнашув юз берса, Афғонистон ҳудуди ҳарбий манёвр ва қайта гуруҳ тузиш учун имконият беради, деб ҳисобланган.
Толибоннинг биринчи ҳукмронлик даври ўрта асрларга хос бошқарув услуби, кескин чеклов ва турли экстремистик гуруҳлар учун паногоҳ яратиши билан ёдда қолди. Айниқса, Усама бин Лодиннинг Афғонистонда бошпана топиши ва 2001 йил 11 сентябрь воқеалари ушбу режим тақдирини ҳал қилди. Бу гал ҳам Покистон АҚШ бошчилигидаги халқаро коалицияни қўллаб-қувватлашга рози бўлди. Шу билан бирга амалда Афғонистондан чекинаётган айрим толибларга ўз ҳудудида яширин паноҳ бергани тўғрисидаги даъволар ҳам янграган.
Натижада радикал ғоялар мамлакатнинг чегара ҳудудларида янада тез тарқалди. 2007 йил “Теҳрики Толибон Покистон” (TTP) ҳаракати шаклланди. Гуруҳнинг асосий мақсади – Покистондаги сайланган ҳукуматни ағдариш ва шариат қонунларига асосланган амирлик барпо этиш. Айни мақсадда ушбу тузилма бегуноҳ аҳоли, давлат хизматчилари ва ҳарбийларга қарши ҳужумлар уюштириб келмоқда.
Покистон 2009 йилдан бошлаб турли ҳарбий амалиётлар ўтказиб келади. Фақат бундай саъй-ҳаракат узлуксиз эмаслиги жангариларга қайта шаклланиш имконини берди. 2014 йил амалга оширилган кенг кўламли “Зарб-ул Азб” операцияси натижасида ҳаракат фаоллиги бир неча йилга сусайди. 2021 йил Афғонистонда Толибон ҳукумати яна ҳокимият тепасига келгач, ҳужумлар қайта авж олди ва 2024-2025 йилларда энг юқори нуқтага етди.
Кобулда ўз манфаатига мос ҳукумат шаклланишини кутган Исломободнинг умиди оқланмади. Афғон толиблари ўзларига ғоявий жиҳатдан яқин бўлган покистонлик ҳамфикрларига ҳудудидан паноҳ берди. Бугунги кунда ишончли манбалар, жумладан БМТ маълумотига кўра, Афғонистонда турли экстремистик гуруҳлар мавжуд бўлиб, улар куч тўплаб, қулай пайт янги можароларни қўзғатиш имконига эга.
Покистон расмийлари Толибон ҳукуматига бир неча бор огоҳлантириш берган. 2025 йил октябрдаги ўзаро ҳужумлардан кейин Қатар, Туркия ва Саудия Арабистони воситачиликка уриниб кўрди, бироқ музокаралар сезиларли натижа бермади. Толибон Исломобод ички муаммолари учун қўшнини айблашини иддао қилади, Покистон эса чегара орқали жангарилар ўтишига чек қўйишни талаб қилади.
Айрим кузатувчилар фикрича, Исломобод яқинидаги Имомбаргоҳ шиа масжидига қилинган террор ҳужуми ортидан чегара яқинида содир этилган худкушлик амалиёти кескин жавоб чораларига туртки берган. Шундан сўнг Покистон армияси Афғонистон ҳудудидаги “жангарилар манзилгоҳлари”га ҳаво орқали қатор зарбалар йўллади. Айрим оммавий ахборот воситалари ҳужумдан фақат бегуноҳ аҳоли жабр кўрганини ёзди. Толибон эса муносиб жавоб қайтарилишини маълум қилди.
Покистоннинг нуфузли “Dawn” нашри ёзишича, афғон толиблари маънавий маркази саналган Қандаҳор TTP ва бошқа гуруҳлар масаласида чекланган таъсирга эга. Манбаларга кўра, Ҳайбатуллоҳ Охунзоданинг атрофидагилар Покистонга нисбатан бундай сиёсатдан норозилик билдирган. Айрим таҳлилчилар эса Ироқ ва Эрон ҳудудидан ИШИДга алоқадор қолдиқ кучлар Афғонистонга йўналтирилиши эҳтимолидан хавотир билдирмоқда.
Сўнгги кунларда АҚШ ва Исроилнинг Эронга нисбатан ҳаракати асносидa Афғонистон – Покистон зиддияти сояга ўтиб қолгандек. Афсуски, бу можаро ҳам ҳали бартараф этилгани йўқ. Зиддият узоқ давом этадими ёки муаммо музокара орқали ечиладими? Ҳозирча жавоб йўқ.
Бир неча фронтда хавфсизлик таҳдидига дуч келаётган Покистон халқаро ҳамжамият эътиборини ушбу муаммога қаратмоқда. АҚШ Исломободнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олишини билдирди, Хитой эса томонларни вазминликка чақирди. Марказий Осиё давлатлари ҳам минтақа барқарорлиги учун ушбу можаро тезроқ ҳал бўлишидан манфаатдор.
ЎзА мухбири Мусулмон Зиё тайёрлади.