English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Афғонистон – Покистон: Дюранд чизиғи ортидаги геосиёсий рақобат
07:34 / 2026-03-05

Жанубий Осиёдаги энг мураккаб ва узоқ давом этаётган сиёсий баҳслардан бири – Афғонистон ва Покистон ўртасидаги “Дюранд чизиғи” можаросидир. ХIХ аср охирида мустамлакачилик сиёсати натижасида чизилган бу сунъий чегара бугунги кунгача икки давлат ўртасидаги кескинликнинг асосий омилларидан бири бўлиб қолмоқда. Чегаранинг аниқ ҳуқуқий мақоми борасидаги келишмовчилик, этник бирлик бўлиниб кетиши ва минтақадаги геосиёсий рақобат ушбу муаммони нафақат икки давлат, балки бутун Жанубий Осиё хавфсизлиги учун долзарб масалага айлантирди. Шу боис Дюранд чизиғи атрофидаги тарихий, сиёсий ва хавфсизлик омилларини чуқур таҳлил қилиш минтақа барқарорлиги билан боғлиқ муҳим бир шартни англаш, келгуси ривожланиш истиқболини баҳолашда муҳим аҳамият касб этади.

Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги “Шарқшунос таҳлилчилар” интеллектуал клуби раҳбари Сардор Раҳимов фикрича, жаҳон сиёсий майдонида юз бераётган кескин ўзгаришлар, халқаро муносабатлар тизимидаги беқарорлик ва давлатлар ўртасида ишончсизлик ортиб бориши ҳудудий-чегаравий масалаларни чуқур ўрганишни тақозо этади. Шундай мураккаб муаммолардан бири – Афғонистон ва Покистон ўртасидаги “Дюранд чизиғи” можароси, тадқиқотлар натижаси гувоҳлик беришича, “Катта ўйин” сиёсатининг салбий меросидир. Халқаро-ҳуқуқий мақомига оид баҳс яна кун тартибига чиққан мазкур чегара сиёсий келишмовчилик, этносиёсий, геосиёсий ва хавфсизлик билан боғлиқ мураккаб масалалар туфайли ҳамон долзарблигича қолмоқда.

“Дюранд чизиғи” Афғонистон ва Покистон ўртасида бир асрдан ортиқ вақт давомида ҳал этилмай келаётган чегара масаласидир. Минтақадаги пуштун аҳолини икки ёққа ажратиб юборган бу чизиқ туфайли чегарада терроризм, экстремизм ва гиёҳванд моддалар савдоси каби хавфсизликка таҳдид солувчи муаммолар кучайган. Вақт ўтиши билан ушбу ҳудуд геосиёсий рақобат марказларидан бирига айланди. 1947 йил Покистон мустақил давлат сифатида ташкил топса-да, “Дюранд чизиғи” Афғонистон ҳукумати томонидан ҳамон расман тан олинмаган.

Мазкур муаммо Марказий ва Жанубий Осиёдаги интеграцион жараён нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, Ўзбекистон ташқи сиёсатида Афғонистон орқали икки минтақани ўзаро боғлаш стратегияси муҳим ўрин тутади. Трансафғон транспорт йўлаги, айниқса “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли лойиҳаси амалга оширилиши Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегаравий масалани чуқур ўрганишни талаб қилади. Давлатимиз рахбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Афғонистон хавфсизлиги Ўзбекистон хавфсизлиги, бутун Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиёти гаровидир.

Британия империяси мустамлакачилик сиёсати билан бевосита боғлиқ бўлган “Дюранд чизиғи” шаклланиши пуштун ва балуж халқлари яшайдиган ҳудудларни сунъий равишда иккига бўлиб юборган. Шу сабабли чегара масаласи нафақат ҳудудий, балки этник-сиёсий муаммо сифатида ҳам минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатда “оғриқли нуқта” бўлиб қолмоқда. Чегара атрофида яшовчи айрим гуруҳларнинг “Пуштунистон” ёки “Балужистон” каби мустақил давлат тузиш ғояси эса Афғонистон, Покистон ва қисман Эрон ҳудудий яхлитлигига таҳдид сифатида баҳоланади. Шу боис “Дюранд чизиғи” масаласи фақат икки давлат ўртасидаги чегара можароси эмас, балки бутун минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигига таъсир кўрсатувчи мураккаб геосиёсий муаммо ҳисобланади.

“Дюранд чизиғи” масаласида Афғонистон ва Покистон ўз позицияларини ҳимоя қилиш учун тарихий, ҳуқуқий, этник ва геосиёсий далилларни илгари суради. Яъни, ушбу муаммо жуда мураккаб ва кўп қиррали. Тарихий тажриба кўрсатадики, чегарада юзага келадиган кескинликлар, ҳатто айрим қуролли тўқнашувларда ҳам учинчи томон ёки ташқи кучларнинг бевосита ёки билвосита таъсири сезилиб туради. “Дюранд чизиғи” атрофида АҚШ, Ҳиндистон, Эрон ва Хитой каби йирик давлатларнинг геосиёсий манфаати тўқнашиши эҳтимоли ҳам мавжуд. Айни ҳолат минтақада “Янги катта ўйин” деб аталадиган геосиёсий рақобат ҳануз давом этаётганини англатади.

Умуман, “Дюранд чизиғи” можароси ўз кўлами ва мураккаблиги билан нафақат Афғонистон ва Покистоннинг миллий хавфсизлиги, балки бутун Жанубий Осиё барқарорлигига таъсир кўрсатадиган омиллардан биридир. Чегара масаласи қарийб бир аср давомида ҳал этилмай келаётгани минтақада терроризм ва экстремизм кучайиши, гиёҳванд моддалар савдоси кенгайиши, қочоқлар оқими ортиши ҳамда тез-тез этник ёки қабилавий зиддият юзага келишига замин яратган. Шу боис муаммони сиёсий мулоқот ва дипломатик музокара орқали ҳал этиш Жанубий Осиёда барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири сифатида кўрилади.

Мусулмон Зиё, ЎзА