Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Афғонистон – Покистон чегарасида тўқнашув: қурбонлар бор
19:24 / 2025-10-12

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара ҳудудида отишмалар содир бўлди, деб хабар бермоқда “Reuters” ахборот агентлиги.

Таъкидланишича, тўқнашувларда 23 та покистонлик аскар ва 9 нафар афғонистонлик ҳалок бўлган. Афғонистоннинг Нангарҳор, Ҳелманд ва Кунар вилоятларида ҳамда Покистоннинг Куррам ва Читрал туманларида ўқотар қурол ва артиллериядан фойдаланилган

Расмий Исломобод Кобулни Покистонда ҳужумлар уюштираётган террорчиларни ўз ҳудудида яшираётганликда айбламоқда. “Толибон” эса бу айбловларни рад этмоқда.

Пайшанба куни Покистон Кобул ва Афғонистон шарқида ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Шанба куни кечқурун афғон қўшинлари Покистон чегара постларига қарата ўт очди. Иккала давлат ҳам нариги томоннинг чегара постларини вайрон қилганини даъво қилди. Ҳатто Покистон хавфсизлик идоралари вакиллари афғон постларига зарба берилаётгани акс этган видео лавҳаларни ҳам тарқатди.

Шундан сўнг, “Толибон” Мудофаа вазирлиги Покистон ҳаво ҳужумларига жавобан Дюранд чизиғи бўйлаб “Қасос” операцияси ўтказганини маълум қилди. Кобул Покистон Афғонистон ҳаво ҳудудини бузганини ва пайшанба куни мамлакат ҳудудидаги бозорлардан бирини бомбардимон қилганини даъво қилмоқда.

Покистон ички ишлар вазири Муҳсин Нақвий Афғонистонни тинч аҳолига қарата ўқ узишда айблади. У Покистон Қуролли кучлари “Толибон” томонидан берилган зарбаларга жавоб қайтаришидан огоҳлантирди.

Қизиқ жиҳати, Кобул бугун Қатар ва Саудия Арабистони илтимосига кўра ҳужумларни тўхтатганини билдирди. 

– Афғон ҳудудининг ҳеч бир қисмида таҳдид йўқ, -деди “Толибон” маъмурияти вакили Забиҳулла Мужоҳид.

Хабарларда ёзилишича, айни пайтда Покистон Афғонистон билан 2600 км чегара бўйлаб ўтиш жойларини ёпган, бу 1893 йилда инглизлар томонидан тузилган “Дюранд чизиғи” деб номланувчи баҳсли чегара ҳудуд ҳисобланади.

Чегарадаги асосий ҳужумлар “Толибон” муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақийнинг Ҳиндистонга сафари чоғида юз берди. Жума куни Ҳиндистон муносабатларни яхшилаш тўғрисида эълон қилди, аммо бу ҳолат Исломободда хавотир уйғотмоқда.

Ў.Алимов, ЎзА