Aфғонистон ҳукумати БМТ Aфғонистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Ричард Беннетнинг мамлакатга киришини тақиқлади. Бу ҳақда Толибон расмийси Забиҳуллоҳ Мужоҳид Германиянинг “Deutsche Welle” (DW) телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. Унинг таъкидлашича, аксарият халқаро институтлар, асосан БМТнинг мамлакатга нисбатан қараши “ғаразли” ва “ёвсимон”.
Мужоҳид БМТнинг Aфғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашув ҳақида хабар бериб, жумладан шундай деган:
– Унинг офиси Кобулда жойлашган. Зарур огоҳлантириш берилди. Афғон ҳукумати БМТ инсон ҳуқуқи бўйича эълон қилган ҳисоботларни рад этди. Жаноб Беннетнинг Aфғонистонга саёҳати тақиқланган, чунки у бу ерда ташвиқот олиб боришга тайинланган. Вакил биз ишонадиган одам, деб ҳисобламаймиз. Aфғонистон манфаати эмас, балки тарғибот ишлари билан банд бўлгани учун унинг келишига ҳам рухсат беришмаяпти. У майда-чуйда масалаларни бўрттириб, бошқа муассасаларга ёлғон маълумот берди. БМТ институтлари Aфғонистонда бўлаётган ижобий воқеаларни кўрмайди, балки диққатини “ўз фикрича, заиф масалалар”га қаратади. Улар Aфғонистонга қарши ташвиқот олиб бориш учун барча ишни қилмоқда.
Беннет 2022 йил апрелда БМТ томонидан Aфғонистонда махсус маърузачи этиб тайинланган. У ҳозирги ҳукуматни мамлакатда инсон ҳуқуқи билан боғлиқ аҳвол учун танқид қилган.
Ўз навбатида, қўшни давлат маъмурияти халқаро ҳамжамиятнинг, хусусан инсон ҳуқуқи соҳасидаги ҳисоботлари “Aфғонистондаги воқеликка зид” эканини даъво қилмоқда.