Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида Афғонистонда ҳарбий ҳаракатларнинг тўхтатилганлигига 35 йил тўлиши муносабати билан “Улуғлайди Ватан сизнинг номингиз” шиори остида маънавий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирга тумандаги 42-умумтаълим мактабида таълим олиб, Афғонистонда ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган уруш фахрийлари таклиф қилинди. Ўтган асрнинг 1989 йили айнан 15 февраль куни собиқ иттифоқ ҳарбий қўшинларининг охирги гуруҳи Афғонистонни тарк этган эди.
Мактаб ўқувчилари томонидан саҳна кўринишлари, миллий маънавиятимизни тараннум этувчи қўшиқ ва рақслар намойиш этилди. Тадбир меҳмонлари тарихий кўргазмалар, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ўқувчилар туман марказидаги Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда ҳалок бўлган юртдошларимиз ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди. Шунингдек, ўша қонли жангларда ногирон бўлиб қайтган Солий Базарбаев хонадонида бўлиб, унинг ҳолидан хабар олинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири