French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Афғон талабалари садоқат ва баҳор куйчиси Зулфияхонимни улуғлади
10:54 / 2022-03-01

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида Термиз туманидаги 17- мактаб маъмурияти, иқтидорли ўқувчилари ва ёш ижодкорлар ҳамкорлигида буюк ўзбек шоираси Зулфия Исроилова таваллудининг 107 йиллигига бағишланган «Баҳор келди сени сўроқлаб» номли адабий-бадиий кеча ўтказилди.

Атоқли ўзбек шоираси ва моҳир таржимон Зулфия Исроилова бой адабий мероси, вафо ва садоқати билан ўзбек аёлларининг сабру-қаноат, меҳр-муҳаббат каби нафис фазилатларини дунёга кенг тараннум этди. Латиф ижоди билан сайёрамиз аёлларига эзгулик, муҳаббат ва садоқатдан сабоқ берди. Пушкин, Қайсин Қулиев, Украинка, Габриэла Мистрал каби машҳур чет эл шоирлари шеъриятининг нодир намуналарини ўзбек тилига ўгириб, адабиётимиз хазинасини янги асарлар билан бойитди. Бундай эзгу амаллари билан шоира нафақат, ўзбек адабиётига балки, ўзбек халқининг турли миллатлар ўртасидаги халқаро дўстлик ришталари ва адабий алоқаларининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшди.

Адабий-бадиий кечада Зулфия Исроилованинг ана шундай сермаҳсул ижоди ва ибратли ҳаёти ҳақида атрофлича фикр юритилди. Афғонистонлик талаба-ёшлар ва мактаб ўқувчилари Зулфия Исроилованинг шеърлари, ҳаёти ва ижоди акс этган саҳна кўринишларини намойиш этди. Шоира шеърлари асосида яратилган куй-қўшиқлар янгради.

– Баҳор, садоқат ва муҳаббат куйчиси бўлган Зулфияхоним билан биз, афғонистонлик ўзбек хотин-қизлари ҳам ҳар қанча фахрлансак арзийди, –дейди Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаси Насиба Беҳзод. – Афғонистоннинг Балх вилоятиданман. Барча шароитларга эга мазкур таълим муассасасида ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси йўналишида таҳсил оляпман. Афғонистонда атоқли шоирамиз ҳаёти ва ижоди ҳақида деярли маълумотга эга эмас эдик. Ўзбекистонга ўқишга келгач, нафис шеърларини ўқиб, ёд олдик. Садоқатга йўғрилган жасоратли ҳаётини ўргандик. Истеъдодли қизлар учун Зулфия номидаги давлат мукофоти таъсис этилганига ҳавасимиз келди. Биз, Афғонистонда Зулфия ҳаёти ва ижодини кенг тарғиб қилсак, ўзимизни жуда бахтиёр ҳисоблаймиз.

Адабий-бадиий кечада фаол иштирок этган афғонистонлик талабалар ва ўқувчи-ёшлар фахрий ёрлиқ билан тақдирланди, янги чоп этилган китоблар туҳфа қилинди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА