Афғон аскарларига смартфондан фойдаланишда тақиқ жорий қилинмоқда
Толибон ҳукумати таркибидаги миллий мудофаа вазирлиги барча ҳарбий корпус, бригада ва бўлинмалардаги ҳарбий хизматчиларга смартфонлардан фойдаланишни тақиқлашни жорий қилмоқда.
Бу ҳақда муваққат ҳукуматда мудофаа вазирлиги раҳбари лавозимини эгаллаб турган Муҳаммад Ёқуб хабар берди.
— Ҳарбий корпус, бригада ва бўлинмалардаги аксарият ҳарбий хизматчилар смартфонлардан фойдаланади, бу эса қимматли вақтларини беҳуда сарфлаш, уларнинг руҳияти ҳамда умумий сафарбарлик даражасига салбий таъсир кўрсатади, — дея Муҳаммад Ёқуб сўзларидан иқтибос келтирган “Bakhtar” ахборот агентлиги.
Муҳаммад Ёқуб таъкидлаганидек, зарурат туғилса, мудофаа вазирлиги мамлакат қуролли кучларининг тезкор бошқарувини таъминлаш учун масъул бўлган юқори мартабали офицерларга, шунингдек, ҳарбий корпус, бригада ва қисм командирларига смартфонлардан фойдаланишга рухсат беради.