Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Афғонистонлик тадбиркорлар қурган кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди
17:03 / 2020-08-29

Термиз шаҳри Шодлик маҳалласида “AFGAN–GERMAN COMPANY” қўшма корхонаси томонидан бунёд этилган етти қаватли замонавий турар-жой биноси фойдаланишга топширилди.


Термиз шаҳри Шодлик маҳалласида “AFGAN–GERMAN COMPANY” қўшма корхонаси томонидан бунёд этилган етти қаватли замонавий турар-жой биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, афғонистонлик тадбиркорлар ҳамда янги хонадон соҳибу соҳибалари иштирок этди.

Сўнгги йилларда икки қўшни давлат ўртасида ўзаро дўстлик, биродарлик алоқалари, иқтисодий-савдо ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Термиз шаҳрида Афғонистон Ислом Республикасининг консуллик идораси фаолият юритаётгани мамлакатларимиз чегараолди минтақалари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга кўмаклашаётир.

Термиз туманидаги “Termiz kargo” экспорт марказида қўшни давлат ишбилармонлари учун барча замонавий қулайлик яратилган. Божхона терминали, кенг, шинам меҳмонхона, ресторан ва бошқа шохобчалар афғон ишбилармонларига сифатли хизмат кўрсатади. Ҳужжатларнинг «Бир дарча» принципи асосида тақдим этилиши расмийлаштириш жараёнларини ҳеч қандай тўсиқларсиз, тез ва сифатли амалга ошириш имконини бермоқда. Шунингдек, афғонистонлик қўшнилар учун виза расмийлаштириш соддалаштирилган.

photo5357402150898085504.jpg

Мамлакатимизда хорижий инвесторларга яратилган қулай муҳитдан фойдаланиб афғон ишбилармонлари юртимизда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш, қурилиш каби тармоқларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. “AFGAN–GERMAN COMPANY” қўшма корхонаси томонидан барпо этилган кенг, шинам кўп қаватли уй ҳам бунга яққол далилдир.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида бўлиб ўтган тантанали маросимда шу ҳақда атрофлича фикр юритилди.

photo5357402150898085506.jpg

– Замонавий қурилиш материаллари асосида бунёд этилган турар-жой биносининг лойиҳасини ўзбек, афғон ва немис мутахассислари ҳамкорликда ишлаб чиқди, – дейди “AFGAN–GERMAN COMPANY” қўшма корхонаси раҳбари С. Самиуллоҳ. – Лойиҳада шаҳарнинг иқлими алоҳида эътиборга олинган. Кейинги йилларда хорижлик инвесторларга яратилган имкониятлардан фойдаланиб кўп қаватли уйни пишиқ-пухта, сифатли қуриб, битказдик. Биз, афғон халқи ҳам мамлакатимизда тинчлик, осойишталик бўлишини истаймиз. Бу йўлда Афғонистонни қўллаб-қувватлаётган давлатингиздан беҳад миннатдормиз.

Қадимий шаҳар марказида қад ростлаган кўп қаватли уйни бунёд этиш учун 1 миллион 500 минг доллар қийматидаги маблағ сарфланди. Бинода ишлатилган қурилиш материалларининг 90 фоизи маҳаллий, ўн фоизи чет эл хом ашёсидир.

photo5357402150898085507.jpg

154 хонадонга мўлжалланган турар-жой биносида барча замонавий шароит яратилган. Хонадонларнинг 64 таси бир, 64 таси икки, 20 таси уч ва олтитаси тўрт хонали уйлардир. Ҳар бир йўлакчага Туркияда ишлаб чиқарилган лифт ўрнатилган. Биринчи қавати савдо ва хизмат кўрсатиш шоҳобчалари учун мўлжалланган. Турар-жой биноси олдида болалар учун ўйингоҳлар қурилган. Яратилган бу каби қулайликлардан янги уйга кўчиб ўтган юртдошларимиз ҳам мамнун.

– Бизга бу уйдаги хонадонларнинг кенг, шинам ва замонавий қурилиш материалларидан мустаҳкам қурилгани жуда манзур бўлди, – дейди «Ўзбектелеком» АК Сурхондарё филиали ҳуқуқшуноси Б.Темиров. – Бошланғич тўловини амалга ошириб, тижорат банкининг кредити асосида икки хонали хонадонга эга бўлдик. Савдо ва бошқа хизматлардан фойдаланиш учун ҳам узоққа бориб юришга ҳожат йўқ. Кўп қаватли турар-жой биносининг биринчи қаватида барча шароит яратилган. Шунингдек, шахсий автомашиналар учун тураргоҳ ҳам қурилган. Албатта, бундай салобатли, кўркам ва зарур шароитларга эга уйда яшашнинг гашти бошқача бўлади.

Тантанали маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди.