Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Афғонистон президенти “Толибон”нинг 5 минг аъзоси озод қилиниши тўғрисидаги фармонни имзолади
16:20 / 2020-03-11

Илк маҳбус шанба куни озодликка чиқади.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 10 март, сешанба куни “Толибон” радикал ҳаракатининг асирга олинган 5 минг аъзоси озод қилиниши тўғрисидаги фармонни имзолади.

Жангариларнинг озод қилиниши Ашраф Ғанининг 9 март куни бўлиб ўтган инаугурация нутқидаги ваъдаларидан бири эди. Аввалроқ буни Ашраф Ғани музокараларга қадар амалга ошириб бўлмайдиган иш, деб атаганди.

Афғонистон президенти матбуот котиби Сиддиқ Сиддиқий ўзининг “Твиттер“даги саҳифасида ёзишича, фармоннинг тўла тафсилотлари ОАВга 11 март куни тақдим қилинади. Шу билан бирга у Қобулдаги Парван қамоқхонасидан 1,5 минг нафар толибларни озод қилиш 14 март куни бошланишини билдирди. Фармонда айтилишича, озод этилганлар “жанговар ҳаракатлар ҳудудига қайтмасликка ёзма равишда ваъда бериши” керак.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ҳам ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Ашраф Ғани 5 минг толибни қамоқдан озод қилиш тўғрисидаги фармонга имзо чекканини ёзган.

“Президент Ғани кечқурун толиблар тақдим қилган рўйхат бўйича “Толибон” жангариларидан 5 минг нафарини озод қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Илк маҳбус шанба куни озодликка чиқади. Ўз навбатида Толибон ҳукумат кучларидан 1 мингга яқин маҳбусни озод қилишга рози бўлди”, – дея ёзди Халилзод.

Бу Афғонистонда тинчлик жараёнига асос бўладиган АҚШ ва “Толибон” ўртасида имзоланган Тинчлик Битими талабларидан бири эди. АҚШ ва “Толибон” 29 феврал куни Тинчлик Келишувини имзолади. Ҳужжатга кўра АҚШ 14 ой мобайнида Афғонистон ҳудудидан ҳарбий хизматчиларини олиб чиқиши керак. Бунга жавобан толиблар ўзлари назорат қиладиган ҳудудларда террорчиларни яширмайди ва Афғонистон ҳукумати билан музокаралар олиб боради.

Афғонистон қамоқхоналарида “Толибон” ҳаракатининг 10 мингга яқин жангариси бор. Бироқ толиблар уларнинг ҳаммаси ҳам радикал ҳаракат жангарилари эмаслигини айтиб келади.

2001 йил сўнгида АҚШ Афғонистонга бостириб киргандан сўнг бир неча бор юқори лавозимли асирлар ўзаро алмаштирилди. 2019 йил ноябрида икки нафар ғарблик асир “Толибон” ҳаракатининг машҳур аъзоларига айирбошланди. Улар орасида “Толибон” билан боғлиқ Хаққоний тармоғи етакчиси Сирожиддин Ҳаққонийнинг укаси Анас Ҳаққоний ҳам бор эди.

Асирларни айирбошлаш 2019 йил сентябрда толиблар ҳужумлари кучайиши сабаб президент Дональд Трамп кутилмаган ҳаракат билан музокараларни тўхтатганидан сўнг Қўшма Штатлар ва “Толибон” ўртасида музокараларни зудлик билан бошлашга уриниш сифатида баҳоланди.

2014 йилда АҚШнинг Гуантанамо қамоқхонасидан “Толибон” ҳаракатининг “юқори лавозимли” беш нафар асири америкалик аскар Боуи Бергдалага айирбошлаш эвазига озод қилинди. Уларнинг бешаласи ҳам айни дамда АҚШ расмийлари билан юқори даражали тинчлик музокараларида иштирок этиш учун Қатарда бўлиб турибди.

29 февраль, шанба куни Қатар пойтахти Доҳада АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод ҳамда “Толибон” етакчиси ўринбосари, ҳаракатнинг Қатардаги офиси раҳбари мулла Абдулла Ғани Бародар келишув битимини имзолаганди. Бу тадбирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.

Тарқатилган хабарларга кўра, 9 март куни АҚШ “Толибон” ҳаракати билан тинчлик битими доирасида ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлади. Бу ҳақда Афғонистондаги Америка қўшинларининг расмий вакилига асосланиб Associated Press хабар берди. АҚШ Афғонистондаги қўшинлари сонини яқин 4,5 ой ичида 13 мингдан 8 минг 600 нафаргача камайтиради. Америка қўшинлари Афғонистондан тўлиқ олиб чиқилиши 14 ой ичида якунланиши керак.

АҚШ ва халқаро коалиция кучлари Афғонистонда 2001 йилдан бери бўлиб келмоқда. Сўнгги йилларда улар сони сезиларли даражада камайди.

Афсуски, Афғонистондаги вазиятни ҳозирча қувонарли, деб бўлмайди. Таҳлилчилар Қобулда қўш ҳокимият пайдо бўлганидан хавотир олмоқда.

Куни кеча Президент саройида амалдаги давлат раҳбари Ашраф Ғани қасамёд қабул қилди. Қўшни саройда эса бу вақтда президентлик сайловларида ўзини ғолиб, дея эълон қилган бош вазир Абдулла Абдулланинг инаугурация маросими бўлиб ўтди.

Афғонистонда Президентлик сайловлари ўтган йилнинг 28 сентябрида бўлиб ўтган. Натижалар эса беш ойдан кейин – 18 февралда эълон қилинди. Мамлакат Сайлов комиссияси раиси Хава Алам Нуристанийнинг маълум қилишича, сайловларда Ашраф Ғани 50,64 фоиз овоз олган ҳолда ғалаба қозонди. Унинг ғалабаси жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинди.

Иккинчи ўрин 39,52 фоиз овоз олган ижро ҳокимияти раҳбари Абдулла Абдуллага насиб қилди. У сайлов натижаларини тан олмади ва ўзининг шахсий ҳукуматини шакллантиришни режалаштирмоқда.

Афғонистонда бир вақтнинг ўзида иккита параллел ҳукумат шаклланиши Қобулнинг “Толибон” радикал ҳаракати билан музокаралар ўтказиш режаси фонида бўлиб ўтмоқда.

Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши Афғонистондаги вазият билан тўғридан-тўғри боғлиқ. Ушбу мамлакатдаги тинчлик жараёни минтақа учун, бутун жаҳон учун катта имконият эшикларини очади. АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тинчлик битими имзоланиши тарихий воқеадир.

Сулҳ истиқболлари тез орада миллионлаб афғонлар осуда ва тинч ҳаёт кечира бошлашидан далолатдир.