Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Аэропортлар, автовокзаллар ва автостанцияларнинг номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш ҳамда уларга янги ном бериш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Қарор билан:
Номлари давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилган аэропортлар, автовокзаллар ва автостанциялар рўйхати;
Янги ном берилган аэропорт, автовокзаллар ва автостанцияларнинг рўйхати тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, 161 та объектнинг номи давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ ўзгартирилади, 21 та объектга эса янги ном берилади.
Энди норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, иш юритиш ҳужжатлари, хариталар ва хизмат ёзишмаларида ушбу қарор билан тасдиқланган номлардан фойдаланилади.
Транспорт вазирлиги “Uzbekistan Airports” АЖ, “Uzbekistan Airways” АЖ, Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари уч ой муддатда аэропортлар, автовокзаллар ва автостанциялар номларининг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилиши ҳамда янги ном берилиши муносабати билан тегишли ҳужжатлар, хариталар, маълумотлар базаларига ўзгартиришлар киритади.
Аэропортлар, автовокзаллар ва автостанцияларда ўрнатилган пешлавҳалар ҳамда ахборот кўрсаткичларидаги ёзувларнинг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилиши таъминланади.
ЎзА