Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аэронавигация муаммолари Самарқандда муҳокама қилинмоқда
18:41 / 2023-05-01

Самарқанд шаҳрида Европа ва Шимолий Атлантика – ICАО гуруҳининг аэронавигация хизматларини жорий этиш ва учувчисиз тизимлар парвозларини ташкил этиш масалаларига бағишланган 6-халқаро йиғилиши ўз ишини бошлади. Юртимизда илк бор ташкил этилаётган тадбирда Марказий Осиё давлатларидан ташқари Россия, Франция, Туркия, Молдова, Арманистондан соҳа мутахассислари ва халқаро экспертлар иштирок этмоқда.

– Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг авиация тизими жадал ривожланмоқда, – дейди ICАОнинг Европа минтақаси бош котиби Свен Халл. – Бир қатор аэропортлар реконструкция қилинди, янги авиакомпаниялар ташкил этилмоқда. Парвозлар географияси кенгайтирилиб, мамлакат аэронавигация тизими модернизация қилинди. “Ўзаэронавигация” маркази томонидан ҳаводаги кенгликдан фойдаланиш ва ҳаракатни бошқаришда бошқалар ҳам ўрганадиган жиҳатлари жуда кўп. Шунинг учун ҳам бу галги йиғилишимиз учун Ўзбекистон танланди. Беш кунлик форум давомида экспертларимиз томонидан учувчисиз қурилмалар ва дронлар ҳақида маълумотлар берилади, соҳада қўлланилаётган инновацион янгиликлар тақдимотларини ўтказамиз.  

– Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга аъзо бўлганига 30 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да шу пайтгача бу каби тадбирлар ўтказилмаган эди, – дейди “Ўзаэронавигация” маркази директори Дониёр Жумаев. – Фуқаро авиациямизда янги давр бошлангач, республиканинг барча ҳудудларида ҳаводаги ҳаракатни бошқариш тизимини ривожлантириш ва модернизация қилишнинг ягона, аниқ бир мақсадга қаратилган сиёсатини олиб бориш имконияти пайдо бўлди. Мамлакатимиз ҳам ICАО - Европа ва Шимолий Атлантика бюроси таркибига киради. Мазкур халқаро ташкилот аъзо давлатларни бевосита қўллаб-қувватлаб, улар фаолиятини мувофиқлаштириб келади.  

Тадбирда ҳар бир давлатдан келган мутахассислар парвозлар оқимини бошқариш борасидаги ўз тажрибалари ҳақида маълумот бермоқда.  

– Бугунги кунда Европадан амалга оширилаётган минглаб парвозлар Ўзбекистон осмонидан ўтади, – дейди “Evaair” ҳаво ҳаракатини бошқариш компанияси эксперти, Евроназорат менежери Драгиса Станкович. – Шу сабабли йиғилишимиз юртингизда ўтказилишида муҳим асос бор. Дунёнинг турли давлатларидан келган фуқаролик авиацияси соҳаси мутахассислари соҳада пайдо бўлган муаммоларга биргаликда ечим топишга ҳаракат қиляпмиз, ҳамкорликни янада кенгайтириш ниятидамиз. Чунки авиацияда ҳам, аэронавигация соҳасида ҳам ҳали биргаликда қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп.  

Мазкур форум Ўзбекистоннинг халқаро фуқаро авиация жамиятидаги миллий аэронавигация хизматлари тизимининг мавқеини ошириш, соҳада эришилган ютуқлар, сўнгги инновациялар ва илғор тажрибалар ҳақида маълумот ва фикр алмашишга ёрдам беришини таъкидламоқда экспертлар.

Ғ.ҲАСАНОВ,  

ЎзА