Ўзбекистон Республикаси Президенти “Иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик маълумотлардан фойдаланишни кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги қуйи бўғинида бошқарув тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик маълумотлардан фойдаланишни кенгайтиришнинг асосий мақсадлари белгиланди. Улар:
а) геология, ер муносабатлари ва экология соҳаларида қонунчилик бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш мақсадида йилига камида уч марта давлат космик мониторинги ўтказилишини йўлга қўйиш;
б) масофавий назорат механизмларини жорий этишни жадаллаштириш орқали бошқарув жараёнида инсон омилини қисқартириш, ҳудудларда шакллантирилаётган маълумотлар аниқлигини ошириш;
в) гидромодуль район ҳудудлари чегаралари ва хариталарини қайта кўриб чиқиш, янгилаш, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида самарадорликни ошириш;
г) сув сатҳини ўлчайдиган ҳисоблагичларни ўрнатиш ва уларни аэрокосмик маълумотлар билан интеграция қилиш орқали ҳақиқий сув ҳажми бўйича ишлаш тизимига ўтишдан иборат.
2026 йил 1 январдан бошлаб Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги томонидан қуйидаги ҳолатларни аниқлаш мақсадида йилига камида уч марта давлат космик мониторинги ўтказилади:
а) геология соҳасида - ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, шу жумладан, рухсатномада кўрсатилган ҳудуддан ташқарига чиқиш;
б) ер муносабатлари соҳасида - ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда уларда бино ва иншоотлар қуриш;
в) экология соҳасида - мавжуд чиқиндиларни сақлаш жойларида белгиланган ҳудуддан ташқарига чиқиш, шунингдек, ноқонуний янги чиқинди зоналари вужудга келиши.
2026 йил 1 мартга қадар вазирлик ва идораларнинг электрон тизимлари Агентликнинг ''Space Gov Monitoring" марказлашган ягона платформасига интеграция қилинади.
2026 йил 1 мартдан бошлаб:
а) Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда Кадастр агентлиги ўзи аниқлаган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича маълумотларни онлайн равишда тегишли контурлар кесимида рақамли кўринишда интеграция оркдли SGM платформасига тақдим этиб боради. Маълумотлар огоҳлантириш берилгани, ҳуқуқбузарлик бартараф этилгани, ҳужжатлар прокуратура ва суд органларида кўриб чиқилаётгани тўғрисидаги белгиларни ўз ичига олади;
б) аниқлаган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича охирги юборилган маълумотлар билан Агентлик томонидан аниқланган ҳолатлар таққосланиб, фақат янги аниқланган ҳолатлар SGM платформасига киритилади. Таққослаш натижалари бўйича киритилган қайдлар вазирлик ва идоралар томонидан жойига чиқиб ўрганиш учун якуний маълумот сифатида инобатга олинади;
в) Агентлик Бош прокуратура билан биргаликда давлат космик мониторинги доирасида тақдим этилган космик маълумотлар асосида вазирлик ва идоралар томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бартараф этилган деб топилган ҳолатлар бўйича қайта назорат ўрнатади ва ҳақиқатда ҳуқуқбузарлик бартараф этилганлиги ҳолатини мониторинг қилиб боради.
2026 йилдан бошлаб ҳар календарь йил якунига қадар республика бўйича космик технологиялар имкониятидан келиб чиққан ҳолда дарахтзорларнинг (бундан майдони 0,002 гектардан кичик участкалар ва чўллардаги дарахтзорлар мустасно) ноқонуний кесилишини космик мониторинг орқали аниқлаш йўлга қўйилади.
Космик тадқиқотлар ўтказиш ва унинг натижаларидан фойдаланишни кенгайтириш мақсадида 2026 йилдан бошлаб қуйидаги лойиҳалар синов тариқасида амалга оширилади:
а) электр узатиш тармоқларидаги носозликларни барвақт аниқлаш мақсадида 2026 йил 1 августга қадар Тошкент вилояти Бўка туманида юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳолати аэрокосмик мониторингдан ўтказилади; 2026 йил 1 октябрга қадар Сурхондарё вилоятида қуёш панелларини жойлаштириш ва юқори самарадорликка эришиш имконияти мавжуд бўлган майдонлар аниқланади;
б) темир йўллар ҳолатини тезкор назорат қилишга ўтиш мақсадида Агентлик имкониятларидан фойдаланган ҳолда 2026 йил 1 октябрга қадар Тошкент-Ангрен йўналишидаги темир йўлда аэрокосмик мониторинг амалга оширилади;
в) автомобиль йўллари соҳасидаги қурилиш ва таъмирлаш ишларида шаффофликни ошириш мақсадида 2026 йил 1 октябрга қадар "А-373" Тошкент-Ангрен автомобиль йўлида аэрокосмик мониторинг ўтказилади. Автомобиль йўллари қўмитаси мазкур йўлни қуриш ва таъмирлаш бўйича тузилган барча ҳужжатларни Агентлик сўровига асосан тақдим этади.
2026 йил 1 мартдан бошлаб бошоқли дон экинларидан бўшаган (ўримдан сўнг) ер майдонларида сомонпоялар ва уларнинг қолдиқларини ёқиш (далалар ёқилиши) каби салбий ҳолатларга чек қўйиш ва назорат тизимларини ривожлантириш мақсадида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Агентликнинг космик мониторинг маълумотлари асосида:
ҳар йили сомонпояларни ёқиш ҳолатлари бўйича маълумот тақдим этилган кундан бошлаб бир кун ичида жойига чиқиб ўрганиш ишларини ташкил этади ва тасдиқловчи ҳужжатларни интеграция орқали SGM платформасига киритади;
белгиланган тартибда қонуний чоралар кўрилган кундан сўнг бир кун ичида бу ҳақдаги маълумотларни рақамли кўринишда Агентликка такдим этади.
Фармон билан:
а) Ҳудудларда аэрокосмик маълумотлардан кенг фойдаланишни ташкил этиш бўйича Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги зиммасига юкланадиган қўшимча вазифалар;
б) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ҳудудий вакилларининг асосий вазифалари;
в) Иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик маълумотлардан фойдаланишни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
2026 йил 1 июлдан бошлаб ҳудудларда Агентликнинг аэрокосмик маълумотларидан самарали фойдаланиш ҳолати бўйича маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар рейтингини юритиш йўлга қўйилади.
ЎзА