English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адвокатура тизими замонга мослашадими?
15:01 / 2022-01-19

Бугунги кунда ҳар қандай соҳанинг замонавийлик белгисининг муҳим шартларидан бири – ахборот коммуникация технологияларининг жорий этилиши билан боғлиқ.

 Ҳеч кимга сир эмаски, электрон ахборот тизимлари мавжуд бўлган соҳалар нафақат самарали фаолият олиб бормоқда, балки бу аҳоли учун ҳам катта қулайликлар яратаётир. Бунга давлат хизматлари марказлари, нотариат соҳасини мисол қилиб келтириш мумкин. 

Хўш, адвокатура-чи? 
Давлатимиз раҳбарининг сайловолди дастурида 2027 йилгача мамлакатда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, давлат бошқарувини такомиллаштиришни назарда тутувчи беш йиллик Янги Ўзбекистон стратегияси лойиҳаси эълон қилинди. 

Лойиҳада адвокатлик фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали ортиқча бюрократия ва қоғозбозликка чек қўйиш, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари билан электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш белгиланмоқда.

Тўғри, кейинги беш йил давомида жамиятда адвокатура соҳасига замонавий ахборот-технология ва коммуникация воситаларини жорий этиш мақсадида қонунчиликка муҳим нормалар киритилди.

Жумладан, адвокатлик мақомини олиш учун малака имтиҳони жараёнлари янада шаффофлашди, интернет тармоғида реал вақт режимида трансляция қилинадиган бўлди. Адвокат сўрови адвокатлик сирига риоя этилган ҳолда ахборот тизими орқали электрон шаклда ҳам берилиши мумкинлиги, шунингдек, жиноят процессида ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши шартлиги белгиланди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2021 йил 23 мартдаги «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги  фармонининг 7-бандида 2021 йил 1 июндан адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Бироқ, шунга қарамасдан амалда профессионал юридик ёрдам сифатини ва адвокат касбининг нуфузини ошириш, шунингдек, суд ишини юритишда тенглик ва тортишув принципларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликларнинг мавжудлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Келгусида адвокатура институтини янада ривожлантириш, соҳага замонавий ахборот коммуникация технологияларининг самарали механизмини жорий этиш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш зарур. 

Хусусан, лицензия олиш учун электрон платформа орқали мурожаат қилиш тизимини йўлга қўйиш, электрон лицензия ва гувоҳномалар жорий этиш, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш тизимини ишга тушириш, республикада фаолият юритувчи адвокатлар ҳақида электрон реестр орқали онлайн маълумот олиш имконини яратиш, қоғоз шаклдаги ордерларни бекор қилиш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда кўриладиган ишлар ҳақида адвокатларни электрон хабардор қилиш тизими жорий этиш мақсадга мувофиқ. 

Шу билан бирга, амалдаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш орқали фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда адвокатнинг ҳуқуқий мақомини янада ошириш керак. 

Жиноят процессида адвокат ҳуқуқларининг кафолати ва процессуал мақомини янада мустаҳкамлаш, жиноят процессининг барча босқичларида айблов ва ҳимоя тарафларининг тенг ҳуқуқлилиги ва тортишув принципини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бошқа давлат органлари билан электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш ҳам муҳим вазифалар сирасидан ҳисобланади.

 

Фазлиддин Зарипов,
Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи
 

ЎзА