Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адвокатура тизими замонавий босқичга қадам қўймоқда
16:40 / 2022-06-02

Энди адвокатлар идорама-идора юрмайди, балки онлайн лицензия олади.

Улар бор кучини фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга сарфлайди.  

Давлатимиз раҳбари 2022 йил 30 майда имзолаган “Адвокатура соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор бунга имконият яратади.  

Мазкур ҳужжат асосида жорий этилаётган янгиликлар адвокатлар самарали фаолият юритиши учун қандай қулайликлар яратади? 

Бу ҳақда Адлия вазирлиги Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни тартибга солиш бошқармаси бош маслаҳатчиси Ёқутхон Юсупова қуйидаги фикрларни билдирди:  

– Маълумки, адвокатлар лицензия асосида фаолият юритади. Бунинг учун улар тегишли идораларга мурожаат қилиб, маълум талабларни бажариб келган. Эндиликда қарор билан адвокатлик фаолияти учун лицензиялар электрон тартибда берилади. Яъни адвокат бўлиш учун энди идорама-идора юриш шарт эмас.    

Малака имтиҳонини топшириш, лицензия олиш, адвокатлик бюросини рўйхатдан ўтказиш, адвокатлик гувоҳномасини олиш бўйича композит хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.  

Амалдаги тартиб бўйича малака имтиҳонини топшириш,  лицензия олиш, адвокатлик бюросини рўйхатдан ўтказиш, адвокатлик гувоҳномасини олиш учун алоҳида-алоҳида 4 марта ваколатли органга ариза билан мурожаат қилинар, ҳужжатлар эса қоғоз шаклида топширилар эди.  

Эндиликда ушбу хизматлар бир маротаба электрон ариза бериш йўли билан амалга оширилади. Яъни, адвокат малака имтиҳони учун ариза бериб, имтиҳонни муваффақиятли топширса, унинг ҳужжатлари малака комиссияси томонидан электрон тизим орқали лицензияловчи органга юборилади.  

Мазкур орган лицензия берганидан сўнг адвокат ўз аризасида адвокатлик бюросини ташкил қилишни сўраган бўлса, унинг бюроси рўйхатдан ўтказилиб, адвокатлик гувоҳномаси ҳам берилади. 

Адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали “Ягона дарча” тамойили асосида фақат электрон тарзда амалга оширилишининг белгилангани адвокатларнинг давлат органларидан  мустақиллигини таъминлайди. Бир неча хизматлардан фойдаланиш учун қайта-қайта ваколатли органларга мурожаат қилиш амалиёти бартараф бўлади.  

Бундан ташқари, қарор билан “Юридик ёрдам” ахборот тизимини ишга тушириш вазифаси қўйилди. 

Мазкур ахборот тизими адвокат сўровини электрон юбориш, электрон тартибда адвокат ордерини олиш, адвокатлар, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон маълумот алмашишни самарали йўлга қўйишга имкон беради. 

Адвокатнинг электрон шахсий кабинети орқали жисмоний ва юридик шахслар билан онлайн мулоқот қилиш, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда масофадан туриб юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида онлайн битимлар (шартномалар) тузиш ва онлайн юридик ёрдам кўрсатишига ҳам йўл  очади.  

Қарор билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш тизимини йўлга қўйиш ҳам белгиланмоқда. 

Амалдаги қонунчилик бўйича суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ҳимоячи тайинлаш тўғрисидаги қарори ёки суднинг ажримига биноан Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан давлат ҳисобидан иштирок этадиган адвокатлик тузилмаси танланади. 

Эндиликда бу тартибнинг электрон тизим орқали амалга оширилиши бир адвокатнинг қайта-қайда давлат ҳисобидан иштирок этишини бартараф этади. Давлат ҳисобидан адвокат иштирок этадиган ишларнинг барча адвокатлар ўртасида тенг тақсимланишига имкон беради. 

Мазкур қарор ижроси адвокатурага киришдаги бюрократик тўсиқлар, ортиқча қоғозбозликни бартараф этади. Соҳанинг янада ривожланиши ва адвокатлар фаолиятини енгиллаштиришга ёрдам беради. 

Муҳими, фуқароларнинг ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш тизимида янги, замонавий  босқич бошланди.  

Н.Абдураимова, ЎзА