Аҳолининг юридик ёрдамга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун адвокатлар сонини кўпайтириш мақсадида соҳага ишга киришдаги айрим тўсиқлар олиб ташланди.
Жумладан, адвокат мақомини олиш учун икки йиллик юридик стаж талаб этилиши бекор қилинди. Адвокат мақомини олиш учун стажировка ўташ талаблари енгиллаштирилди. Бунда, ортиқча ҳужжатлар талаб этилиши, стажировка даврида реферат ва ортиқча ҳисоботлар топшириш талаблари чиқариб ташланди.
Ўриндошлик асосида ҳам адвокат стажёри бўлиб ишлашга рухсат берилди. Талабгорларга адвокат мақомини олиш бўйича малака имтиҳонига ҳужжат топширишнинг электрон тартиби йўлга қўйилди. Талабгорга имтиҳон ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақидаги маълумотлар электрон шаклда унинг шахсий кабинетига юборилиши йўлга қўйилди.
Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи учун лицензия бериш “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди. Лицензия бериш жараёнида инсон омили бартараф этилди. Агар талабгор малака имтиҳонини муваффақиятли топширган ва давлат божи тўловларини амалга оширган бўлса, тизим автоматик тарзда лицензия беради.
Адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш “ягона дарча” тамойили асосида фақат электрон тарзда амалга оширилади. Адвокатлик гувоҳномаси QR-код қўйилган, махсус ҳимоя қатламига эга ID-карта шаклида берилиши белгиланди ва адвокатларнинг гувоҳномалари янги намунадаги гувоҳномаларга алмаштирилди.
Миллий матбуот марказида “Ўзбекистонда адвокатура соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жорий этилган янгиликлар ва келажакдаги режалар” мавзуида ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда гап борди.
Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси маъсуллари иштирокида ташкил этилган тадбирда соҳани ривожлантиришга қаратилган ишлар натижаси, адвокатурани рақамлаштириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар, “Юридик ёрдам” ахборот тизимининг имкониятлари, адвокатлар томонидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун қабул қилингани муносабати билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам жиноят ишлари билан бир қаторда, фуқаролик, маъмурий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича ҳам кўрсатилиши белгиланди.
Шу жумладан, тадбирда масъуллар бир неча кун аввал қабул қилинган Адвокат стажёри ва ёрдамчиси фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом ижроси доирасида режалаштирилган ишлар ҳақида тушунча берди.
Тадбир давомида журналистлар, адвокатлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Н.Абдураимова,
ЎзА