Тошкент давлат юридик университетида “Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура” кафедраси ташаббуси билан адвокатура институтини такомиллаштиришнинг долзарб масалаларига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади.
Анжуман адвокатура институтини тўлақонли ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш, Адвокатлар палатаси бошқарув органларининг адвокатлар ҳамжамияти олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш, тизимга ёш малакали кадрларни жалб қилиш ҳамда адвокатлик фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали ортиқча бюрократия ва қоғозбозликка чек қўйиш масалаларини хорижий давлатлар тажрибаси асосида ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида ўтказилмоқда.
Конференция доирасида Тошкент давлат юридик университети ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланади. Ўзбек, рус ва инглиз тиллари ўтказиладиган илмий-амалий конференция 18 май куни университетда бўлиб ўтади.
Ташкилотчилар томонидан конференция материаллари тўпламини чоп этиш режалаштирилган. Анжуманга профессор-ўқитувчилар, докторантлар, мустақил изланувчилар, магистрантлар, иқтидорли талабалар ҳамда амалиётчилар мақола ва тезислар топшириши мумкин. Мақола ва тезислар таҳрир ҳайъати томонидан кўриб чиқилади ва таҳрирдан ўтмаган, талаблар бўйича юборилмаган мақолалар нашр этилмайди.
Қуйида илмий-амалий конференцияга тақдим этиладиган мақола ва тезисларга қўйиладиган талаблар берилган:
– мақола ва тезислар илмий-амалий конференция йўналишига оид долзарб мавзуларда, имловий хатоларсиз, илмий ва тугалланган фикрларга асосланган, таклиф ва тавсиялар билан тақдим этилиши лозим;
– материаллар ўзбек, рус ва инглиз тилларида тақдим этилиши мумкин;
– мақола ва тезислар матнлари таҳрир қилинган ҳолда А4 ўлчовидаги қоғозга, юқоридан ва пастдан 2 см, чапдан 3 см, ўнгдан 1,5 см жой қолдириб, 1 нусхада расмийлаштирилади. Юқори қисмда ўртада мақоланинг номи, 1,5 интервалдан сўнг муаллифнинг тўлиқ фамилияси, исми ва шарифи, илмий даражаси ва унвони, лавозими, ташкилот номи, муаллифнинг телефон рақами, электрон манзили ёзилади.
ЎзА