Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адвокатлик лицензиясини олишда юридик мутахассислик бўйича 2 йиллик иш стажи талаби бекор қилинади
16:24 / 2023-04-04

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Мажлисда дастлаб "Адвокатура тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.    

— Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида, хусусан, адвокатура институти ва адвокатларнинг мустақиллигини таъминлаш, суд ишини юритишнинг барча босқичларида томонларнинг тортишуви принципи асосида ишни ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди, — деди адлия вазири ўринбосари М.Икромов. — Адвокатларнинг профессионал фаолиятини бажариши учун зарур қонунчилик базаси такомиллаштирилди. Бугунги кунда мамлакатимизда 4 минг 625 нафар адвокат фаолият юритмоқда. Шундан 30 ёшгача бўлганлари сони атиги 51 нафар, 50 ёшдан ошган адвокатлар сони эса 2 минг 619 нафарни ташкил қилмоқда.  

Умумий ҳисобда ҳар 7,6 минг аҳолига битта адвокат тўғри келмоқда. Шу боис "Адвокатура тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унда адвокатлик лицензиясини олишга имтиҳон топшириш учун талабгор шахснинг юридик мутахассислик бўйича камида 2 йиллик иш стажига эга бўлиши талабини бекор қилиш белгиланмоқда. Бу олий таълим ташкилотлари битирувчи ҳуқуқшунослари орасида адвокатура соҳасига бўлган қизиқишнинг ошиши, соҳада кадрлар алмашинуви жараёнлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади.  

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди, қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди. Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда адвокатлар сонининг ортишига ва соҳага ёш адвокатларнинг жалб қилинишига, адвокатлар ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланишига ҳамда аҳолини малакали юридик ёрдам билан таъминланишига хизмат қилади.  

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА