Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адвокатлик гувоҳномасини олиш учун электрон мурожаат қилиш йўлга қўйилади
09:38 / 2022-09-07

Адвокатлик гувоҳномасини олишда талабгор ариза бериш учун адлия органига ташриф буюриши, ортиқча ҳужжатларни тақдим этиши, гувоҳнома расмийлаштирилганидан сўнг уни олиб кетиш учун такроран адлия органига ташриф буюриши талаб этилади. Бу эса ортиқча вақт ва оворагарчиликка сабаб бўлиб келаётган эди.

Мазкур ҳолатларга чек қўйиш мақсадида “Адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. 

Эндиликда адвокатлик гувоҳномасини олиш учун фақатгина электрон мурожаат қилишнинг ўзи кифоя бўлади. 

Лойиҳада адвокатлар учун қатор енгилликлар назарда тутилмоқда. Жумладан, адвокатлик гувоҳномасини олиш учун электрон шаклда мурожаат қилинади. Агарда адвокат адвокатлик тузилмасини янги ташкил этган бўлса, адвокатлик гувоҳномасини олиш учун мурожаат қилиши талаб этилмайди. Унга гувоҳнома автоматик тарзда композит хизмат кўрсатиш йўли билан берилади. 

Адвокатлик гувоҳномасини гувоҳнома берувчи органга бормасдан туриб олиш мумкин бўлади. Бунда адвокатлик гувоҳномаси адвокатнинг хоҳишига кўра адвокатлик тузилмасининг манзилига почта орқали юборилади. 

Адвокатлик гувоҳномаси QR-код қўйилган ID-card шаклида расмийлаштирилади. QR-кодни сканерлаш орқали адвокатнинг адвокатлик гувоҳномаси ким томонидан берилганлиги, адвокат мақоми, адвокат фаолият юритаётган адвокатлик тузилмасининг номи, адвокатнинг ихтисослиги, лицензия рақами ва берилган санаси аниқланади. 

Бунда адвокатнинг ихтисослиги ва фаолият юритадиган тузилмаси ўзгарганда гувоҳномани қайта расмийлаштириш талаб этилмайди. 
 

ЎзА