Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адвокатлар суд-экспертизаси тайинлаш ҳуқуқига эга бўлди
19:42 / 2022-08-11

2022 йил 3 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонун билан адвокатларга яна бир ҳуқуқ берилди.

Яъни улар иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритилаётганда ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида ёки суд муҳокамаси жараёнида давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан шартнома асосида ишонч билдирувчи шахс розилиги билан экспертиза ўтказилишини сўраши мумкин.

Шунингдек, эндиликда адвокатлар экспертиза хулосасини иш материалларига қўшиб қўйишни ва суд томонидан ушбу хулоса ишдаги мавжуд далиллар билан биргаликда баҳоланишини талаб қила олади.

Адлия вазирлиги томонидан мазкур қонун мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбатида шулар ҳақида сўз юритилди.

Адвокатлар палатаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Содиқов, Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази директори ўринбосари Учқун Узоқов адвокатлар томонидан суд-экспертизасини тайинлашнинг аҳамияти ва улар томонидан экспертиза тайинлашда амалга оширилиши лозим бўлган хатти-ҳаракатларга атрофлича тўхталиб ўтди.

Суд-экспертиза тайинланиши ва экспертиза ўтказишнинг тартиблари ҳамда замонавий суд-экспертиза имкониятлари бўйича маълумотлар берилди.

Қонун нодавлат суд экспертиза институти фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга ҳам асос бўлди. Процессуал қонунчилик ҳужжатларида нодавлат суд-экспертларининг суд иш юритувидаги иштироки ҳамда уларнинг ваколатини белгилаш мақсадида Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари мутахассислари, Адвокатлар палатасининг масъуллари ҳамда адвокатлар бевосита, шунингдек, онлайн шаклда иштирок этган тадбирда қонуннинг аҳамияти, ижросини таъминлаш билан боғлиқ масалалар бўйича фикр алмашилди.

Н.Абдураимова, ЎзА