Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда адвокатлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Олимлар, адвокатлар, Адлия вазирлиги, прокуратура, суд ва тергов органлари вакиллари иштирокида ўтган мулоқотда адвокатларнинг иш жараёнида учраётган муаммоларни бартараф этиш бўйича қонунчиликни такомиллаштиришга оид амалий таклиф ва тавсиялар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда адвокатура институтини такомиллаштириш, унинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Адвокатура тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар бу соҳада туб ислоҳотларни бошлаб берди. Мазкур соҳадаги жадал ислоҳотлар натижасида юртимизда адвокатура фуқаролар ва ташкилотларга малакали юридик ёрдам кўрсата оладиган, ижтимоий аҳамиятли — махсус ҳуқуқ лаёқатига эга институт сифатида ўз ўрнига эга бўлмоқда.
— Ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариши, ҳимоя қилиши учун юридик кўмак олишида адвокатура институтининг ўрни катта. Демак, улар эркин фаолият юритиши учун соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш жуда муҳим аҳамиятга эга, — деди Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилдора Камолова. — “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айни шу мақсадда ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжат адвокатларнинг ижтимоий ва мулкий ҳуқуқларини самарали таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш учун янада қулай шароитлар яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Қонун лойиҳасида адвокатларнинг касбий фаолиятларини амалга оширишларига шароит яратиш мақсадида адвокат сўрови бўйича адвокатнинг малакали юридик ёрдам кўрсатиши учун зарур бўлган ахборотлар (ҳужжатлар)ни бепул олиш имконияти кафолатланмоқда.
Учрашувда адвокатлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳадаги айрим тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА