Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адвокат бўлиш нима дегани?
18:25 / 2019-10-25

Тошкент давлат юридик университетида бўлиб ўтган халқаро давра суҳбати иштирокчилари ана шу саволга жавоб излашди.


Тошкент давлат юридик университетида бўлиб ўтган халқаро давра суҳбати иштирокчилари ана шу саволга жавоб излашди.

Тадбирда Ўзбекистон, Словения ва Украинадан ташриф бурган турли ёшдаги юристлар ва адвокатлар иштирок этди. Улар пойтахтимизнинг турли ўқув муассасаларидан келган талабаларга ўз ҳаётларини ушбу касб билан боғлашига сабаб бўлган турли омиллар ҳақида сўзлаб берди.

Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари, Тошкент давлат юридик университети ректори Р.Ҳакимов мамлакатимизда адвокатура институти мавқеини янада мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди.

У сўнгги йилларда Тошкент давлат юридик университети тобора ривожланиб, ўзгариб бораётганлигини қайд этди. Адвокатура институтини ривожлантириш ва ушбу соҳада мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш мазкур таълим муассасасида устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.

Мамлакатимизда адвокатура институтининг мавқеи ва ролини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилмоқда. Хусусан, янги таҳрирдаги Жиноят-процессуал кодексини тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрдаги “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунини такомиллаштириш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси А.Эрназаровнинг сўзларига кўра, икки кунлик анжуман Ўзбекистонда адвокатлик касбини оммалаштириш мақсадида ўтказилмоқда. Чунки мамлакатимизда сўнгги 10-15 йил ичида лицензия олган адвокатлар сони ўзгармасдан қолмоқда. Масалан, бугунги кунда Ўзбекистонда 4000 нафар лицензия олган адвокат фаолият юритмоқда. Агарда бу сонни мамлакатимиз фуқаролари сонига бўладиган бўлсак, юртимиздаги ҳар бир адвокатга 8 220 нафар фуқаро тўғри келади. Ўзбекистон Адвокатлар палатаси адвокатлар сонининг фуқаролар сонига тўғри келиши бўйича 41 та мамлакат рўйхатини тузиб чиқди. Унда Ўзбекистон охирги ўринни эгаллайди. Бундан ташқари, юртимизда 30 ёшдан кичик бўлган адвокатлар сони атиги 70 нафарни ташкил этади. Бу мамлакатимиз аҳолиси профессионал ҳуқуқий ёрдамдан деярли фойдалана олмаяпти, деганидир. Айрим қонунчилик ҳужжатлари ҳам бунга сабаб бўлади. Масалан, олий ўқув юртини кечагина битирган талаба адвокатлик лицензиясини олиши мумкин эмас. Чунки қонунчиликка биноан у юридик соҳада икки йиллик иш стажига эга бўлиши лозим.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар адвокатлик касби ва юридик хизматлар бозоридаги ўзига хосликлар хусусида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.