Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қадринг баланд бўлсин, она тилим
12:02 / 2020-10-17

Бугун Ватанимиз чинаккамига мустақилдир десак, муболаға бўлмайди. Боиси, юртимизда ўзбек тилида иш юритиш, эркин мулоқот қилиш ва ижод қилиш ҳуқуқига эгамиз.

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни

Аслида ҳар қандай истиқлол тил озодлигидан бошланади. Бугун Ватанимиз чинаккамига мустақилдир десак, муболаға бўлмайди. Боиси, юртимизда ўзбек тилида иш юритиш, эркин мулоқот қилиш ва ижод қилиш ҳуқуқига эгамиз. Шу маънода она тилимизга давлат тили мақоми берилган кунни кенг нишонлаш, қалбимизга фахр ва ифтихор бағишлайди.

Адиблар хиёбонида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти томонидан ўтказилган маърифий кечада она тилимиз улуғланди.

Тадбир аввалида ҳарбийлар, ёзувчи-шоирлар, курсантлар сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди. Шоир хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Шундан сўнг, давлатимиз мадҳияси янгради.

– Ўзбек тили байрами муносабати билан мамлакатимизда ҳар куни байрамлар бўляпти, – дейди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. – Кеча ижтимоий тармоқларда ҳам кўрдим: Ҳиндистонда, Туркия ва Беларусда ҳам бизнинг тил байрамимиз кенг нишонланяпти экан. Бундан 31 йил олдин ўзбек тили ҳақида ҳаттоки газетада чиқиш қилиш ҳам мушкул иш эди. Агар кимнингдир тил ҳақида ёзганлари матбуотда эълон қилинса, одамлар қўлма-қўл ўша сонни ўқирди. Бугун тилимизни қадрлаш, қаддини янада кўкларга кўтариш ўзимизнинг қўлимизда. Бу бебаҳо имкониятдан самарали фойдаланишимиз керак. Бу қанчалар бахт ва машаққат эканлигини ўша давр қийинчиликларининг гувоҳи бўлган кишилар яхши билади.

– Ҳозир 100 томлик халқ оғзаки ижоди тўплами чоп этилмоқда. Бу эса тилимизнинг қанчалик бой эканидан далолатдир, – дейди шоир Бобур Бобомурод. – Бу тилда ифода этилмайдиган туйғунинг, айтиб бўлмайдиган ифоданинг ўзи йўқ. Ҳар бир ҳаракат, ҳис-туйғунинг ўз атамаси бор. Буларнинг барчаси тилимизда чиройли жаранглайди. Халқимизда айтиладиган алламиздан тортиб ёр-ёримизгача, достонлару марцияларда тилимизнинг серқирра ва бой эканини кўришимиз мумкин.

Бундай тадбирлар одамларнинг онгу шуурига тилимизга бўлган меҳр-муҳаббатни, Ватанга садоқатни, миллатлараро бағрикенглик каби юксак туйғуларни янада сингдиришга замин яратади. Миллий гвардия тасарруфидаги Мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ҳамда курсантлар томонидан ижро этилган она тилимизни мадҳ этувчи шеърлар, қўшиқлар, саҳна кўринишлари даврага ўзгача файз бағишланди.