Қадринг баланд бўлсин, она тилим
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий танловлар ўтказилмоқда.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Самарқанд вилояти Булунғур туманида ҳам маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий танловлар ўтказилмоқда.
Тумандаги 48-умумтаълим мактабида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” мавзуида ташкил этилган навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ҳам ўзбек тилини ривожлантириш, мавқеи ва нуфузини оширишга бағишланди.
Туман халқ таълими бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими масъуллари, тилшунос мутахассислар, мактаб педагог жамоаси, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, халқаро майдондаги нуфузи ва мавқеини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар, айниқса, сўнгги йилларда бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз бориб, она тили кўҳна тарихимиз, қадриятларимиз, дину диёнатимизни, аждодлар меросини авлодларга етказадиган муҳим восита экани таъкидланди.
Дарҳақиқат, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади.
Тадбир доирасида мактаб ўқувчилари ўртасида она тилимизни улуғлашга қаратилган танлов ҳам ташкил этилиб, ўқувчи-ёшларнинг она тилига оид билими ҳамда ижодий саводхонлиги синовдан ўтказилди.
Танлов ғолиблари фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.