Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адолатли солиқлар — фаровонлик кафолати
15:12 / 2023-08-01

Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим масалаларидан бири, бу — кичик ва хусусий бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш ва бу орқали соҳанинг ижтимоий-иқтисодий афзаллигини янада ошириш.

Мамлакат иқтисодиётини модернизациялаш ва бозор ислоҳотларини чуқурлаштиришда ушбу соҳага янада устуворлик берилиши кичик бизнес субъектларини солиқ механизми орқали қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш масаласини долзарб вазифа сифатида белгилаб берди. Тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида республикамизда бу субъектларга махсус солиқ режими жорий этилган бўлиб, унга кўра соддалаштирилган солиққа тортиш тартиби ўрнатилган.

Сўнгги олти йилда бу соҳа равнақига қаратилган кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланди. Уларга асосан 114 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинди, 33 та фаолият тури хабардор этиш тартибига ўтказилди. Рухсатномаларни расмийлаштириш мезони соддалаштирилиб, муддатлари ўртача 2 баробарга қисқартирилди. Ортиқча текширишлар ва хом ашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга уч йиллик мораторий ўрнатилди.

Сўнгги олти йилда иш ҳақига солиқ юки 2 баробар камайтирилди, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 12 фоизга туширилди. Солиқларнинг умумий сони 13 тадан 9 тага қисқарди, айрим солиқ ставкалари 2 баробар пасайтирилди. Энг муҳим иқтисодий ислоҳотлардан бири, бу — миллий валюта алмашув курсининг бозор механизмлари асосида шаклланиш тамойилларини жорий этиш орқали ички валюта бозорининг босқичма-босқич либераллаштирилиши билан боғлиқ амалий қадамлар бўлди.

Шу билан бирга, пул-кредит сиёсати соҳасида кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, жумладан, тўлов тизимлари ривожлантирилди, чет эл валютасини сотиб олиш имкони яратилди, нақд пул муаммоси ҳал этилди, узлуксиз ишловчи автоматлаштирилган банкоматлар фаолияти йўлга қўйилди.

Биргина “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида ўз бизнесини бошлаётган оилаларга 5,9 триллион сўм кредит ажратилди. Янги солиқ сиёсати доирасида иш ҳақига солиқ юки 1,5 баробар пасайтирилди. Ишсизлик камайди. Натижада тадбиркорлар сони 2 баробар ошди.

Янги Ўзбекистондаги солиқ сиёсати ставкаларни босқичма-босқич тушириш, аммо солиқ базасини ҳеч кимга оғирлик солмаган ҳолда кенгайтириш орқали умумий тушум миқдорини сезиларли равишда кўпайтиришдан иборат. Чунки ўз олдига улуғвор мақсадларни қўйган давлатнинг харажатлари шунга яраша бўлиши табиий. Ғазна эса, биринчи навбатда, солиғу йиғимлар орқали мустаҳкамланади.

Янги Конституциянинг 63-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шартлиги, солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги кераклиги белгилаб қўйилган.

Кўпчилик яхши билади, ҳар қандай давлатнинг иқтисодий қудрати унинг бюджети ҳисобланади. Бюджетнинг асосий қисмини эса солиқлар ташкил этади. Солиқлардан тушган пуллар мамлакатни ҳар томонлама ривожлантиришга сарфланади. Шу боис ҳар бир фуқаро солиқларни тўлаши шарт.

Ўз навбатида, давлат ҳам фуқаролар учун ортиқча ва оғир бўлган солиқлар ёки бошқа йиғимларни жорий этмаслик бўйича кафолат бериши, бу кафолат эса қонун билан мустаҳкамланиши зарур. Конституцияга “солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши шарт” дея киритилгани аҳоли ёки тадбиркор уни тўлай олишига қурби етиши, албатта, инобатга олинишини англатади. Бу нормада ортиқча ва мантиқсиз солиқлардан, турли йиғимлардан воз кечилиши тушунилади. Шу тариқа солиқ сиёсати тобора соддалаштирилиб, одамлар учун манфаатли бўлиши таъминланди.

Охирги йилларда тадбиркорлар тўлайдиган солиқ турлари сони қисқартирилиб, аҳоли ва бизнес тузилмаларига солиқ имтиёзлари кенг қўлланила бошланди. Айрим йиғимлар 5 бараваргача камайтирилди. “Яшил” энергетикадан фойдаланаётган солиқ тўловчиларга 10 йилга қадар имтиёзлар берилди.

Яна бир янгилик, 2023 йилдан бошлаб туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратиладиган бўлди. Энди тоифага қараб, туманларнинг иқтисодий ривожланиши белгиланмоқда. Тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун солиқ ставкалари ҳар хил бўлади.

Мисол учун, бешинчи тоифага кирувчи, шароити энг оғир бўлган 20 та туман учун айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз миқдорида белгиланди. Мазкур туманлардаги тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиқлари бўйича ҳисобланган сумманинг атиги 1 фоизини тўлайди. Якка тадбиркорлар қатъий ставкадаги солиқларни тўлашдан озод этилади. Худди шундай бошқа тоифадаги туманларда кредитларга пасайтирилган фоиз ставкаларини қўллаш, инфратузилма харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш каби бир қатор енгилликлар берилади.

Бюджет харажатлари, аҳоли ва тадбиркорлар олдидаги давлат мажбуриятларини қисқартирмаган ҳолда бизнесга солиқ юкини камайтириш бўйича ишлар давом эттириляпти. Жумладан, 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга пасайтириш ҳисобидан тадбиркорлар ихтиёрида йилига камида 14 триллион сўм маблағ қолади. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда тадбиркорлик соҳасида жавобгарликни енгиллаштириш бўйича бошланган ислоҳотлар жадал давом эттирилмоқда.

Президентимизнинг “Фаол ишбилармонлик муҳитини шакллантиришни янада рағбатлантириш, солиқ мажбуриятини бажаришда аҳоли томонидан ортиқча харажатларга йўл қўймаслик ҳамда қўшимча иш ўринларини яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, 2023 йил 1 июнь ҳолатига кўра жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи (нотурар кўчмас мулк объектлари бундан мустасно) бўйича муддатида тўланмаган қарзига ҳисобланган пеня суммалари; охирги 6 ой мобайнида молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ЯТТларнинг қатъий белгиланган миқдорлардаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқдан вужудга келган қарзи ҳамда уларга ҳисобланган пеня ва жарималар суммаси; хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги учун қўлланилган жарималар суммаси ҳисобдан чиқарилади.

Шунингдек, 2024 йил 1 июнга қадар ер участкаларидан ҳужжатларсиз фойдаланаётган жисмоний шахсларга ер солиғининг уч карра оширилган ставкасида солиқ ҳисоблаш тартиби тўхтатиб турилади. Фермер хўжаликларига 2023 йил 1 июнь ҳолатига шаклланган сув солиғидан қарзини ўн икки ой мобайнида тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Президентимизнинг тегишли қарорига кўра, назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектининг илгари текширилган фаолият давридаги предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказишга ва тадбиркорлик субъекти томонидан аввал тақдим этилган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишнинг ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузиш, худди шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонунга хилоф равишда текшириш ташаббуси билан чиқиш ва (ёки) ўтказиш мансабдор шахсларга нисбатан тегишли маъмурий жавобгарлик чораларини қўллашга сабаб бўлади.

Жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнлар ва Ўзбекистоннинг айни пайтдаги ривожланиш йўлини атрофлича таҳлил қилган киши конституциявий ислоҳотларнинг ўзаги сифатида белгиланган “Инсон қадри учун” тамойили аслида нимани англатишини илғаши мушкул эмас. Сиртдан иқтисодиёт тармоқларини трансформациялаш, тадбиркорлик равнақига эришиш бош муддао бўлиб кўринган янги ислоҳотлар пировардида халққа фаровон турмуш шароитини яратиш мақсад қилинган.

Умуман олганда, янги Ўзбекистонда олиб борилаётган солиқ сиёсати ҳам аҳолининг оғирини енгил қилиш, тадбиркорга имтиёз бериш орқали янги иш ўринлари яратиш ва пировардида халқимизнинг фаровонликка эришишига қаратилгани билан эътиборга моликдир.

Наргиза ҚЎЗИЕВА,

Тошкент молия институтининг Солиқлар ва солиққа

тортиш кафедраси мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор