Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адолатли қалбни тарбиялайдиган маънавий мерос
17:15 / 2026-02-10

Мамлакатимизда 9 февраль буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий, 14 февраль шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун сифатида кенг нишонланади.

Ушбу саналар муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судида ташкил этилган маърифат соатида судьялар, суд аппарати ходимлари, олимлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси М.Ешимбетов буюк бобокалонларимизнинг бетакрор ижоди, улар яратган асарлар орадан асрлар ўтса-да, бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган бебаҳо маънавий мерос эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, уларнинг адолат, ҳалоллик, инсонпарварлик ва қонун устуворлигига оид ғоялари замонавий суд тизими фаолияти учун ҳам нодир маънавий дастуруламал бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди.

Маърифат соатида Қорақалпоқ давлат университети доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Латофат Тожибоева Навоий ва Бобур меросининг адолат, ҳалоллик ва инсонпарварлик ғоялари билан қанчалик бой эканини мазмунли мисоллар орқали ёритиб берди.

Алишер Навоий “Адл ила олам обод” деган ғояни илгари суриб, адолатни жамият тараққиётининг энг асосий шарти сифатида кўрган. Унинг асарларида раҳбар шахс ҳалол, виждонли ва халқ дардига бефарқ бўлмаслиги лозимлиги таъкидланади. 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса ўзининг “Бобурнома” асарида одил бошқарув, ростгўйлик ва инсоф ҳақида теран фикрлар билдирган. У зулмни қоралаб, давлат куч-қудратининг мустаҳкамлиги ҳам адолатга боғлиқ эканини таъкидлайди. Бобур қарашларида инсон шаъни ва қадрини асраш, ҳар қандай ҳукмнинг асосий мезони сифатида намоён бўлади.

Тадбир давомида иштирокчилар буюк аждодларимиз меросидаги ҳуқуқий ва ахлоқий қарашлар бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан уйғун эканини алоҳида қайд этдилар. Зеро, замонавий суд тизимининг асосий мақсади ҳам қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятда адолат муҳитини янада мустаҳкамлашдан иборатдир.

Бундай маърифий тадбирлар нафақат тарихий меросимизни чуқур англаш, балки ҳар бир ходимнинг касбий масъулияти ва маънавий дахлдорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зотан, адолат бу фақат суд қарорларида эмас, аввало, инсон қалбида шаклланади. Навоий ва Бобур мероси эса ана шу адолатли қалбни тарбиялайдиган беқиёс маънавий мактабдир.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.