Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адолатли иш ҳақи ва “инсон учун” ғояси ҳалолликка қаратилган стратегик қадамдир
11:57 / 2025-08-18

Муносабат

2025 йил 19 июнь куни Муҳтарам Президентимизнинг маҳаллий ижро этувчи органлардаги давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш ҳақидаги фармони эълон қилинди. Мазкур ҳужжат давлат хизматчиси учун биргина моддий тарафдан эмас, инсонийлик ва одиллик мезонлари нуқтаи назаридан ҳам юксак аҳамиятга эга. Бу тизим давлат хизматчисининг меҳнатини қадрлаш, унинг оиласи фаровонлиги ҳақида қайғуриш, шу билан бирга, келажакда хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга йўналтирилган кенг ислоҳотлар занжирининг муҳим ҳалқасидир. 

Аслида давлат хизматчиларининг кўпроқ қисми қуйи тизимларда фаолият юритади. Уларнинг маошини ошириш давлат иқтисодиёти учун сезиларли даражада таъсирга эга. Бундай қарорга келиш эса инсон қадрини юксалтириш учун жасоратдир. Фармоннинг мазмун-моҳияти, у орқали яратиладиган тизим бўйича учта жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтишни жоиз.

Аввало инсонийлик жиҳати. Ҳар бир инсон, у давлат хизматчиси бўладими ёки хусусий секторда ишлайдими, ўз меҳнатига муносиб баҳо олишни, иш ҳақи ҳисобидан оилавий ҳаётини беками-кўст йўлга қўйишни, оила аъзолари учун қулай шарт-шароит яратиб беришни истайди. Давлат хизматчиси ҳам ҳар қанча фидойи бўлмасин, оиласида бирон муаммо ёки камчилик бўлса, барча каби ўзини хотиржам ҳис этолмайди ва бу унинг ишига ҳам таъсир ўтказиши табиий. Бугунги бозор иқтисодиёти шароитида, одамлар фаровонлик сари интилаётган бир пайтда давлат хизматчисини етарли маошсиз, фақат ватанпарварлик ҳисси ҳисобига хизмат қилдириш ва ундан юқори натижа кутиш баландпарвозлик бўлади. Шу маънода яратилаётган янги тизимда давлат хизматчиларига фақат ишчи кучи сифатида эмас, балки инсон сифатида қаралмоқда, уларнинг инсоний эҳтиёжлари қадрланмоқда, ўз меҳнати қадрини ҳис этишига муҳим талаб сифатида қаралмоқда. Шундан келиб чиқиб, ушбу тизимни том маънода инсонийликка йўналтирилган ислоҳот, десак, муболаға бўлмайди.

Иккинчиси – сиёсий-иқтисодий жиҳати билан боғлиқ. Буни нимада кўриш мумкин? Шубҳасиз, яратилаётган янги тизимдан давлат хизматида бошқарув сифатини ошириш, инсон ресурсларидан тўғри фойдаланиш, қолаверса, ислоҳотлар учун қуйи тизимларга йўналтирилган маблағлардан оқилона фойдаланиш мақсадлари ҳам кўзланади. Сир эмас, маҳаллий ижро органларида иш ҳажми кўплиги, маош туфайли кадрлар қўнимсизлиги ва сифат даражаси билан боғлиқ муаммолар кўп кузатилади. Ҳаттоки, баъзи ҳудудларда давлат хизматчиларининг хусусий секторда ишлашни афзал билиб, давлат хизматидан кетиш ҳолатлари ҳам учрайди. Машҳур иқтисодчи олим, Нобель мукофоти соҳиби Гэри Беккер ўзининг инсон капитали назариясида “юқори сифатли (салоҳиятли) кадрларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш учун етарли маош шарт”, дейди. Яратилаётган янги тизим қуйи бўғинларда салоҳиятли кадрларни нафақат сақлаб қолиш, балки юқори бўғиндаги сифатли кадрларнинг қуйи бўғинларга тушиб ишлаш истагига ҳам ижобий таъсир ўтказиши мумкин.

Президент фармони билан яратилаётган янги тизимда давлат хизматчиларининг иш ҳақи оширилади, фақат бунда уларнинг малакаси, тажрибаси, шунингдек, иш унумдорлиги, эришилган самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) муҳим ўрин тутади. Бундай тартиб замонавий бошқарувдаги адолатли иш ҳақи деган тушунчага мос келади. Яъни иш ҳақи шунчаки моддий кўринишдаги рағбат эмас, балки хизмат самарадорлиги, кадрлар барқарорлиги ва ташкилот ичидаги ишонч муҳитини таъминлайдиган стратегик восита саналади. Инглиз файласуфи Стюарт Милль айтганидек, “Адолатли иш ҳақи ишчи ва иш берувчи манфаатларининг мувозанатидир, у меҳнаткашнинг ҳаётини муносиб даражада таъминлаши ҳамда унинг меҳнатига муносиб бўлиши шарт”.

Бу тизимни жорий қилишда халқаро илғор тажрибалар ўрганилган ҳамда инобатга олинган, дейишимизга ҳам сабаблар бор. Мисол учун, дунё тажрибасида инсон ресурслари (HR)ни тўғри бошқариш учун иш ҳақи ва рағбатлантириш тизими, яъни адолатли маош, мукофотлар ва имтиёзлар пакетига муҳим жиҳат сифатида қаралади. Қолаверса, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳужжатларида ҳам адолатли иш ҳақи ҳақида сўз юритилиб, унинг ишчи ва оиласи учун муносиб ҳаёт даражасини таъминлашга етиши, шу билан бир қаторда, бажарилган меҳнат учун тенг ҳақ тамойилига асосланиши кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, дунёда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган БМТнинг Тараққиёт дастури (UNDP)да ҳам иш ҳақи меҳнат самарадорлиги, малака ва иш тажрибасига пропорционал белгиланиши кераклиги таъкидланади. Шу маънода янги тизим орқали ходимларнинг иш фаолиятини кузатиш, KPI (асосий кўрсаткичлар) ёрдамида баҳолаш ва натижаларни таҳлил қилиш, давлат хизматида меҳнатга ҳақ тўлаш шаффоф ва адолатли бўлишига имкон яратилади.

Шу ўринда савол туғилади – хўш, янги тизимнинг иқтисодий аҳамияти нимада? Ҳудудларга иқтисодий мақсадлар учун йўналтирилган маблағлар, ресурслар ўз ўрнида ва тўғри сарфланиши кадрлар савиясига чамбарчас боғлиқ. Агар қуйи тизимда муносиб кадрлар ишласа, маҳаллий ресурслардан унумли фойдаланиб, кўпроқ иқтисодий фойда олиш имкони яратилади. Шу боис, кадрлар сифати ўз-ўзидан ҳудудлар иқтисодиётига ҳам таъсир ўтказади. Шу маънода яратилаётган янги тизим ҳудудлардаги ўзига хос иқтисодий ривожланишларга ҳам туртки бўлади, дейиш мумкин. 

Учинчиси – маънавий-тарбиявий жиҳати. Яратилаётган тизимнинг айни жиҳатларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Давлат хизматчиси ўз ишини хуш кўриши, унга меҳр бериши, ватанпарварлик, фидойилик кўрсатиши, энг муҳими, ҳалол бўлиши лозим. Давлатимиз томонидан қарши чоралар кўрилишига қарамай, жойларда афсуски, манфаатлар тўқнашуви ва коррупцион ҳолатлар ҳам учраб турибди. Яратилаётган янги тизимда бундай нохуш, салбий  ҳолатларнинг олдини олиш мақсади ҳам кўзланган, албатта. Кўпинча иш ҳақининг камлиги давлат хизматчиларини ноқонуний даромад излашга ва ўша орқали ўз эҳтиёжларини қондиришга мажбур қилади. Шунинг учун дунё тажрибасида етарли маош — институционал ҳалоллик кафолати сифатида қаралади.

Ўз меҳнатига адолатли ҳақ тўланяпти, деб билган инсон ишидан мамнун бўлади, ўзини бахтли ҳис қилади, ҳалол меҳнат қилишга янада садоқат ва виждонан ёндашади, қолаверса, ўзини намоён қилишга, давлат ва жамият тараққиётига ҳисса қўшишга интилади. Яъни адолатли маош орқали ходимга маънавий-тарбиявий таъсир ўтказилади, унинг ўз устида ишлашига, малака ва кўникмаларини ривожлантиришга даъват этилади. Шу маънода бу янги тизим фақат ижтимоий ёрдам эмас, балки тизимда шаффофлик ва ҳалолликни мустаҳкамлашга қаратилган стратегик қадамдир. Чунки моддий барқарорлик — маънавий барқарорликка олиб келади, маънавий барқарорлик эса хизмат самарадорлигини оширади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу тизимни яратиш ташаббуси ва ташланган амалий қадамларни давлат хизматчилари бир имконият сифатида қабул қилиб, ўз хизматини янада сидқидилдан бажаришга, халқ ва Ватан олдидаги бурчини ҳар қачонгидан ҳам масъулият билан адо этишга киришмоғи лозим.

Дурдона Раҳимова,

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари