Ҳар бир давлатнинг қудрати – унинг адолатида. Адолат эса қонун устуворлиги ва фуқароларнинг ҳуқуқлари таъминланишида ўз ифодасини топади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда суд тизимини замонавийлаштириш, халқ учун қулай ва ишончли механизмларни яратиш устувор вазифага айланган.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 август кунги «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ана шу йўналишдаги муҳим тарихий қадам бўлди. Унда «Рақамли суд» концепцияси асосида суд тизимига сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жорий этиш белгиланди.

Суд ишлари энди қоғозбозликдан халос этилади. Мазкур концепция орқали ариза беришдан олдин сунъий интеллект муҳокаманинг тахминий натижасини ва харажатларни ҳисоблайди. Мурожаатлар электрон тарзда юборилади. Тарафлар судга боришда ҳеч қандой шартларсиз, масофадан туриб иштирок этиб, суд ҳужжатлари ва материаллар билан онлайн танишиш мумкин бўлади. Суд харажатлари электрон ҳисобланиб тўланади ва баённомалар реал вақтда автоматик шакллантирилади. Суд ҳужжатлари сунъий интеллект ёрдамида тайёрланади. Бу эса нафақат суд ишларини соддалаштиради, балки фуқаролар учун шаффоф ва адолатли жараённи таъминлайди.
2025 йил якунига қадар пойтахтда иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича «Рақамли суд» мажлис заллари ташкил этилиб, унинг натижалари 2026–2027 йилларда бутун мамлакатимиз бўйлаб босқичма-босқич татбиқ этилади.
Фармон билан тасдиқланган дастур қатор янги сервисларни ўз ичига олади. Жумладан, 2025 йил 1 декабрдан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга тушади ва йил якунига қадар суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш дастури яратилади. Шунингдек, 2026 йил 1 январдан my.sud.uz порталида сунъий интеллект маслаҳатчиси ишлайди ва 1 мартдан суд маълумотларини Ягона давлат хизматлари портали орқали олиш имконияти яратилади.
2026 йил якунига қадар – 5 та янги интерактив хизмат ва «Шахсий кабинет»нинг янгиланган версияси ишга туширилади. Судлар ахборот тизимлари «Рақамли ҳукумат» платформаси билан боғланиб, ортиқча маълумот талаб қилиш бартараф этилади. Маъмурий жарималарни онлайн кузатиш ва электрон тўлаш имконияти пайдо бўлади.
Олий суд таркибида эса Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект департаменти ташкил этилиб, у рақамли ислоҳотларни жорий этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва «Рақамли суд» концепциясини амалга ошириш учун масъул бўлади.
«Рақамли суд» деганимиз бу фақат технология эмас, бу – халқнинг давлатга ишончини ошириш, инсон ҳуқуқларини кафолатлашнинг янги поғонасидир. Ўзбекистон суд тизимида янги давр бошланди. Бу – инновациялар ва адолат уйғунлашган «Рақамли суд» давридир.
Даўлетбай РАЗОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси
ЎзА