Одатда адолат тўғрисида сўз кетганда, нима учундир кўпчиликнинг тасаввурида асосан суд процесси пайдо бўлади. Нега шундай? Нима учун суд ва адолат ёндош тушунчаларга айланиб қолган? Аслида қандай бўлиши керак? Адолатнинг посбони фақатгина одил судловми?

Шу каби масалалар юзасидан Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Ўртачирчиқ туманлараро суди судьяси Раъно Ҳусаинованинг фикрларига қизиқдик.
– Адолат аслида жуда кенг тушунча, у суд залидан ташқарида ҳам ўзининг қудратини кўрсатади. Одил судловга қадар ҳам адолат таъминланиши мумкин. Нафақат мумкин, аслида худди шундай бўлиши керак.
Урф-одатларимиз, қадриятларимиз, миллатимизга хос минг йиллик таълим-тарбияда ҳам адолатга ундалиши бор ҳақиқат. Шу боис ўзганинг ҳақига хиёнат қилмаслик тушунчалари аждодларимиз учун одатий тарбия ҳисобланган. Оқар сувга туфламаслик одати замирида ҳам она табиатга нисбатан адолат ва садоқат туйғуси мужассам бўлса, не ажаб?!
Қувонарлиси, адолатга йўғрилган ўша қадриятлар, ўзгани ўзи билан тенг кўра билишга қаратилган муносабатлар бугун ҳаётимизда яққолроқ сезилмоқда. Ҳар жабҳада адолат тантана қилинишини таъминлаш нафақат онгимиз ёки урф-одатда, расмий ҳужжатларда ҳам акс эттириш тизими йўлга қўйилмоқда.
Янги Ўзбекистонга хос изчил ислоҳотларни бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Хусусан, “инсон-жамият-давлат” тамойили амалий ифода топганининг ўзида адолатни ҳис қиламиз.
Бош қомусимизда инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилгани аслида адолатнинг чинакам ғалабасидир!
Шунингдек, қисқа вақт давомида қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатлари тўлиқ тиклангани, Туркий давлатлар билан дўстлик ришталари шакллангани адолатнинг меваси эмасми?!
Адолат ҳақида гап кетганда, жорий йилда юртбошимиз қабул қилган бир фармонга тўхталмасдан бўлмайди. Бу 11 сентбрда эълон қилинган “Ўзбекистон-2030” стратегияси тўғрисидаги фармондир.
Ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашга қаратилган мазкур фармонда 100 та мақсад белгилаб берилган.
Шулардан 44 та мақсадда инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш, 17 та мақсадда барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, 12 та мақсадда сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, 16 та мақсадда қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ва 11 та мақсадда “хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш масалалари 5 та устувор йўналишларга бўлиниб қайд этилган.
Мисол сифатида “давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш” деб номланган 85-мақсадни олиб қарайлик. Бунда белгиланган маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш каби самарадорлик кўрсаткичлари адолатнинг судга қадар таъминланишига яққол мисолдир ёки “банк тизимида ислоҳотларни жадаллаштириш, банк хизматлари бозори ҳажмини ошириш ва соҳада рақобатни ривожлантириш”, яъни 50-мақсадга эътибор берайлик.
Ушбу мақсаддаги судга киритилган даъволар бўйича кредитларга оширилган фоиз ва жарима ҳисоблашни тўхтатиш механизмларини жорий қилиш инсонга, хусусан, тадбиркорлик субъектига нисбатан адолатли эътибордир.
Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, қўшимча 120 минг ўринли ўқув бинолари ҳамда 150 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш ҳамда кутубхоналарни камида 1 миллион та замонавий адабиётлар билан тўлдириш ва кутубхона фондини тўлиқ рақамлаштириш (8-мақсад) келажагимиз ҳисобланган ёш авлодга нисбатан адолатли ғамхўрлик белгисидир.
Эътиборлиси шундаки, мазкур мақсалар қоғозда қолиб кетмаслигини таъминлаш учун Республика комиссияси тузилиб, унинг зиммасига тадбирларнинг аҳоли томонидан билдирилган фикр ва ташаббуслар асосида сифатли амалга оширилиши, белгиланган кўрсаткичларга эришилишини назорат қилиб, натижаси юзасидан ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиш мажбуряити юкланган.
“Тараққиёт стратегияси” маркази эса белгиланган ислоҳотларнинг сифатли амалга оширилишини аҳоли томонидан ҳар бир мақсад ва кўрсаткичлар кесимида баҳолаш, ўз фикрларини қолдириш ва ташаббуслар билдиришга имконият берувчи онлайн портални ишга туширади. Бу билан белгиланган мақсадларга эришишни назорат қилишда аҳолининг иштирокини таъминлаш борасидаги адолат таъминланади.
Албатта, мазкур кенг миқёсли мақсадлар аҳолининг, шу жумладан, суд тизимига, судьялар зиммасига ҳам кўплаб мажбуриятлар юклайди.
Мазкур мажбуриятлар муайян низони судда қонуний, асосли ва адолатли ҳал этиш билангина боғлиқ бўлиб қолмасдан, суддан ташқари муносабатларда ҳам адолатнинг беками-кўст қарор топишига алоқадордир.
Судлар юрт ободлиги, халқ фаровонлигини таъминлашда муҳим бўлган мазкур 100 та адолат мақомига эга бўлган мақсадларга эришишда ҳам фаол иштирок этиши, аҳолининг кенг қатлами ўртасида, оммавий ахборот воситаларида тарғибот ишларини кучайтириши зарур.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА