Менинг ёруғ хотираларим ўтган аср 80-йиллари бошига келиб Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг ривожланган республикалардан бири даражасига олиб чиқишга эришган буюк инсон Шароф Рашидовнинг муборак номи билан чамбарчас боғлиқ. Нокамтарлик бўлса-да, бир воқеани ошкор этай.

1980 йил кузи. Марказқўмга ишга ўтишим муносабати билан мени Ш.Рашидов кабинетига суҳбатга олиб киришди. Баланд бўйли, қотмадан келган Биринчи котиб қўл узатиб кўришди ва ўтиришга таклиф этиб, оилам ҳақида сўради, кейин туманимиз пахта режасини бажаргани билан табриклади ва жилмайиб менга савол берди:
– Қандай китоблар ўқигансиз?
– Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Лев Толстой, Гоголь, Чехов, Симонов, Достоевский асарларини, “Ғолиблар”, “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин”...
Рашидов гапимни бўлди: Ўғлим, ўзбек тилидами ёки рус тилида?
- Ҳар иккаласида!
Кейин суҳбатимиз рус тилида давом этди.
– Достоевский асарлари ҳақида гапириб бера оласизми?
– “Жиноят ва жазо”, “Ака-ука Карамазовлар”, “Телба”, “Маъсума” мени ҳамиша ўзига оҳанрабодек тортаверади. Айниқса, Пушкин даҳоси, поэзияси ҳақидаги нутқи...
– Зиё истаган кўнгиллар ёруғликни адашмай топадилар. Хўш, асарларим ҳақида сўрасам майлими?
– “Ғолиблар”дан тортиб, “Кашмир қўшиғи”гача қўлдан қўймай ўқиганман. Асарлар оҳанги ўзига ширадек тортади, тили туғилиб ўсган қишлоғим аҳолисиники каби ёқимли. Ҳар жойда ҳам учрайвермайдиган ўзбекона сўзлаш усули, инсон қадри, қувончи, дарди, одам боласини кибр йўлдан оздириши ҳақидаги саҳифалар, чиройли ташбиҳлар, табиат ва одамлар ички дунёси ўзига ром этади. Қаҳрамонлар фикрини, қилаётган ишини ўқиганимда... худди шеър, қўшиқ айтаётгандек сезаман ўзимни.
– Сиз билан ҳали кўп учрашамиз...
Мени чуқур ҳаяжонга солган яна бир воқеа ёдимга келди.
Бу учрашувдан икки йил аввал ҳам худди шу кабинетда Шароф ота билан кўришиб, сардобаликлар 1978 йил пахта режасини ортиғи билан бажаргани ҳақида ҳисобот топшираётганимда туман аҳли, биринчи котиб Содиқжон Отахонов ҳақида суриштирган эдилар. У кишининг вояга етмаган икки ўғли туғма ногирон, юролмайди, кўрсатмаган дўхтири қолмади, болажонлари изтиробидан ўзи ва янгамнинг қалби ёнади, деган эдим ўшанда овозим титраб...
Сал ўтмай, Шароф Рашидов саъй-ҳаракати билан Москвадан уч нафар профессор Мирзачўлга келиб, ўша болаларни ва тумандаги худди шунга ўхшаш оғир хасталикка чалинган бошқа норасидаларни кўрикдан ўтказиб, муолажа тайинланиб, барчасига махсус аравачалар совға қилишган эди.
Марказқўмда уч йилдан кўпроқ бевосита қўллари остида ишлаш насиб қилгани сабабли Шароф Рашидов адабиёт ва санъат аҳлига ҳамиша юксак эътибор билан қараганига шоҳид бўлганман. Шайхзода, Миркарим Осим, Миртемир, Шукрулло, Саид Аҳмад каби ноҳақ қатағон қилинган улуғ қаламкашлар асарлари қайтадан нашр этилди, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Омон Матжон сингари шоир ва ёзувчилар ижодий фаолиятини ёддан билар, инсонга хос инжиқликларини кўтариб, бағрикенглик ва улуғворлик билан уларга қарши дуч келадиган бало-қазога кўкрагини тутиб берардилар.
Юртимиз аҳолиси Рашидов республикамизга раҳбар бўлиб сайланган 1959 йили 8 миллион киши эди, Шароф ота боқий дунёга кетган 1983 йилда эса 18 миллион нафарни ташкил этди. Яъни, меҳнатга лаёқатли одамлар сони бир неча юз минг кўпайиши янги иш ўринлари ташкил этишни тақозо қиларди. Рашидов собиқ Марказ олдига рад этиб бўлмайдиган, ҳар томонлама пишиқ тайёрланган таклифлар киритар ва пировард натижада иқтисодиётнинг барча тармоқларини, минтақа ва ҳудудларни жадал, комплекс ривожлантириш бўйича улкан ишларни амалга оширишга киришарди. Узоқни кўра оладиган улуғ стратег ишни республиканинг ўша пайтдаги энг оғриқли нуқтаси – саноатдан бошлайди. Уруш олов олган Украина, Беларусь, Россиядан кўчириб келтирилган завод-фабрикаларнинг эскирган ускуналари янгилари билан алмаштирилди. Илғор фан-техника ютуқларига асосланган Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия, Бекобод металлургия комбинатлари каби қудратли оғир саноат, қора ва рангли металл, Авиасозлик, Алгоритм, Восток, Ўзбеккосмос, Қийин эрийдиган қотишмалар, Гелион, Зенит, Кинап, Компрессор, Мотор, Миконд, Музлатгичлар, Подъёмник, Совпластитал, Тошсельмаш, Трактор, Текстильмаш, Технолог, Трансформатор, Средазкабель, Ўзбекхиммаш, Ўзбексельмаш, Чирчиқсельмаш, Фотон, Хлопкомаш, Эксковатор, Композит, Электроника, Электроаппарат сингари йирик электротехника, самолётсозлик, машинасозлик, нефть ва газ, тўқимачилик ва халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш корхоналари реконструкция қилинди ёки янгидан бунёд этилди, завод-фабрикаларни технологик жиҳатдан такомиллаштириш изчил давом эттирилди.
Шароф ота энергетика соҳасини ривожлантиришга доим алоҳида эътибор қаратганидан жаҳоншумул аҳамиятга эга Сирдарё, Янги Ангрен, Навоий, Туямўйин, Ангрен, Толлимаржон ГРЭСлари қад кўтарди. Пахта толасини қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш мақсадида Андижон, Бухоро, Наманган, Қўқон тўқимачилик комбинатлари, “Шарқ”, “Малика”, “Қизил тонг”, “Юлдуз” каби ҳар бир вилоятда трикотаж, тикув фабриклари ҳамда чарм, ипакчилик саноатини қайта жиҳозлаш ишлари бошлаб юборилди.

Транспорт логистикаси ечимини ҳал этишда муҳим роль ўйнаётган Тошкент – Термиз, Тошкент – Пунган (Қамчиқ довони орқали) автомобиль йўли, Сирдарё – Жиззах темир йўли, дунёнинг турли қитъаларидаги мамлакатларга ҳаво, ўнлаб шаҳарларга поезд қатнови йўлга қўйилиши ярим аср олдинга сакраш, десак хато бўлмас.
Шароф ота суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилаб, ирригация иншоотлари бенуқсон ишлашини таъминлаш стретегияси орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, биринчи галда пахта ҳосилдорлигини ошириш, қолаверса, Сибирь дарёлари сувининг бир қисми (атиги 0,3 фоизи) ни Ўзбекистонга буриш орқали сув таъминотини ҳал этиш йўли билан янги, қўшимча бўз ерларни ўзлаштириш, қимматбаҳо хом ашё етиштиришни кўпайтириш стратегиясини амалда жорий қилишни бошлаб юборган эди. Ўша даврда Мирзачўл, Жиззах, Сурхон-Шеробод, шунингдек Қорақалпоғистон ва бошқа ҳудудлардаги бўз, чўл ҳудудлар ўзлаштирилди. Республика харитасида Сирдарё, Жиззах ва Навоий вилоятлари, Янгиер, Гулистон, Ширин, Навоий, Зарафшон, Олмалиқ, Ангрен, Учқудуқ каби ўнлаб янги шаҳар ва туманлар, темир йўл станциялари, вокзал ва аэропортлар бунёд этилди.
1970-80 йилларда Россиянинг ноқоратупроқ зонасидаги Владимир, Иваново ва Новгород вилоятларининг ҳар бирида чакалакзор ўрмон ва ботқоқлик ўрнида юртимиздан тахминан 3500 нафар қурувчи жалб этилиб, ҳар бири ўртача 4000 гектар, жами 80 минг гектар, барча қулайликларга эга замонавий 20 та совхоз бунёд этиб, “Ўзбекистон” ва “Тошкент” номлари билан рус халқига туҳфа қилинганди.
Қарам ҳудуд бўлсак ҳам Шароф Рашидов бошқарган 24 йил давомида ҳеч ким республикамизга тил теккизишга ботина олмаган. Империя руҳидаги собиқ марказ Шароф Рашидовдек улуғ зотнинг бевақт вафоти туфайли ҳимоясиз қолган Ўзбекистонни СССРдаги энг дотацион, бошқа республикалар, асосан, Россия ҳисобидан кун кўрадиган минтақа, деб камситиш кампаниясини бошлади. Ҳатто, Ўзбекистонда 4,5 миллион тонна пахта қўшиб ёзилгани аниқланди, деган “башорат”ни матбуотга чиқариб шов-шув кўтарди. Бинобарин, СССР Давлат Режа қўмитаси, Молия вазирлиги, Давлат банки, Меҳнат вазирлиги, Марказий Статистика бош бошқармаси, айниқса, Гдлян, Иванов ва Каракозов сингари миллатчи ходимларини тўхтовсиз айюҳаннос солишга ундаган СССР Бош Прокуратураси бу мағзи пуч мифларни тасдиқлашга далил бўладиган ҳужжат тақдим қила олмади. Судларда бу шахслар терговни бошдан-оёқ ноқонуний олиб боргани, қўйилган айбларни ҳужжат билан тасдиқламагани, маҳбусларни бир-бирига қарши кўрсатма ёзиши учун фил ҳам чидамайдиган қийноқларга солгани тасдиғини топди. Мустақиллик шарофати билан бегуноҳ ҳамюртларимиз қамоқхонадан озод қилиниб, ўз юрти, оиласи бағрига қайтарилди.
Шароф Рашидов бировга оғир ботмаган, кўнглини оғритмаган, катта-ю кичик билан бирдай самимий, оғир-босиқ, меҳрибонлик билан гаплашадиган, одамийлик хислати ва фазилати ижодига ҳам кўчган, оғзидан пурмаъно фикр гулдек отилиб чиқадиган ёзувчи, одамлар дардини теран тушунувчи раҳбар эди.
Академик Наим Каримовнинг бир гапи эсимда қолган: “Таниқли ёзувчи ва давлат арбоби ўзининг ижодига танқидий назар билан қараган ёзувчиларга холис қарагани, қўлидан келганча яхшилик қилганини бот-бот эслаймиз. Шароф ака Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода, Асқад Мухтор, Шукрулло, Константин Симонов, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Шукур Холмирзаев, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева сингари юзлаб шоир ва ёзувчиларни қадрларди, уларнинг асарларини йирик тиражда чоп этиш, рус тилига ўгиришда бош-қош бўларди”.

Академик Бахтиёр Назаров Шароф Рашидовни “Инсон дарди ва ҳасрати, ҳис-туйғусини моҳирона чизги билан тасвирлай оладиган етук ёзувчи ва шоир”, дея сифатлаган бўлса, академик Тўра Мирзаев шундай ёзган: “...Шароф Рашидов ўзи ва Абдулла Қаҳҳор ўртасида ихтилоф борлиги ҳақида ёзмаган. Рашидов Қаҳҳорни доим қўллаб келди, заргарона санъатини юксак қадрлади, унинг ҳар қандай инжиқлигини ёзувчи, инсон сифатида кенг бағри билан кўтарди. Ёзувчилар уюшмасига шахсан ташриф буюриб, Қаҳҳорнинг ўзбек насри тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилган “Ўтмишдан эртаклар” қиссасини Ўзбекистон Давлат мукофотига тавсия қилди, адабиётимизни дунёга олиб чиқиш керак, деди. Шароф ака устоз Абдулла Қаҳҳорга Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони билан бирга алоҳида уй-жой ажратишга кўрсатма бериб, бағри кенглигини яна бир бор исботлади. Оғир касалга чалинган Қаҳҳор ва аёлини ҳукумат ҳисобидан Москвага даволанишга жўнатди, аҳволидан доим хабардор бўлиб турди. Ул зот вафот этганида ёзувчининг жасадини олиб келиш учун махсус самолёт юборди, раҳматлининг беваси Кибриё опага доимо кўмаклашди. Буларнинг барини адабиёт аҳли яхши билади...”
Ш.Рашидов Мирзачўл ўзлаштирилиши мавзуси кўтарилган “Ғолиблар”, “Бўрондан кучли” асарларидаги Ойқиз ва Олимжон, Пўлат Содиқов ва Баҳор, шунингдек, Жўрабоев, Погодин, Смирнов, ёшлар етакчиси Анвар, Хайри сингари образлари орқали қаҳрамонлари тақдирини, инсоннинг дарди, қувончи ва ташвишини ўта халқчил, бадиий маҳорат билан ва ранг-баранг бўёқда тасвирлай олганки, бу китоблар бугун ҳам қимматини йўқотмаган.
Энди бир нозик сирни ошкор этиш пайти келди, шекилли. 1986 йил пойтахтимиз марказидаги Шароф Рашидов бюстини бузиб, ҳозирги “Сувмаш” (собиқ ЦБСРПП)га элтиб ташлашади (бюст шу заводда қўйилган эди). Ўшанда “Главсредазирсовхозстрой” бошлиғи Эркин Турсунов, Ўзбекистон ССР Давлат Режа қўмитаси раиси ўринбосари Рим Гиниятуллин ва корхона раҳбари Игорь Александрович Пророков маслаҳатлашиб, бюстни матога ўраб шлак ичига бекитиб қўйишади. Эртасига Марказ ходимларига завод ишчилари қўрқмасдан бюстнинг эскиз вариантини кўрсатишади. “Эритиб юборинглар”, дея буйруқ берилганда пўлат қуюв цехи печи ичида ловуллаб ёнаётган оловга бюст солинган чўмични тутишади. Кўз очиб юмгунча жез эриб, қайнай бошлайди...
Сақлаб қолинган асл бюст эса кейинчалик қандай бўлса, шундайлигича ўрнига тикланади.
Шароф Рашидов шахсий ҳаётини ҳеч кимдан сир тутмай, очиқ-ойдин яшади. Ўзидан дабдабали саройлар, машиналар қолдирмади, ҳатто, “ўлимлик пули” ҳам йиғмади. Устоздан ўрнак олса арзийдиган фазилатлар, солиҳ амаллар, инсоннинг қалби, қувонч-у ташвиши, қайғуси ва дарди маҳорат билан куйланган ўқишли романлар, қиссалар, шеърлар, публицистик асарлар, Ватанимиз корига яраётган шогирдлар, ўзига ўхшаш пок, камтар ва меҳнаткаш фарзанд, набиралар қолди.
Комил ишонч билан айтамизки, бугун Шароф Рашидов орзу қилган савобли ишлар амалга оширилмоқда: қўшниларимиз билан алоқа мустаҳкамланмоқда, замонавий саноат корхоналари қад кўтармоқда, қишлоқ хўжалигида улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Муҳими, ҳукумат халқ ғами, дардига қулоқ тутмоқда, йиллаб сансалор бўлган муаммоларга ечим топиляпти. Буларнинг бари Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори ортишига хизмат қилмоқда.
Муҳиддин ПОЛВОН,
адиб ва журналист